Комил Алламжонов: «Тошкент шаҳрини ҳокимият эплолмай қолганида, айнан шу волонтёрлар ҳаётини хавф остига қўйиб, одамлар дардига малҳам бўлди»
16 ноябрь куни Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Инновацион ривожланиш вазирлигида ёшлар фестивали доирасида ёшлар билан учрашув ўтказди. Тадбир иштирокчиларидан бири волонтёрлар уюшмаси ёки федерациясини ташкил этишни таклиф қилди, деб ёзади Газета.uz.
Бунга жавобан шаҳар ҳокими: «Волонтёрлик, бу — касбми ёки ҳақиқатан ёрдам беришми? Ёки бундан даромад олишми? Шунинг фарқига етиб бора олмаяпман. Ўзи волонтёр тушунчаси нима дегани?» – деб сўраган.
Иштирокчи йигит волонтёр сўзи остида “кўнгилли ишчилар” тушунилишини айтган.
«Кўнгилли ишчи. Лекин мен бирорта волонтёрни қарияни оёғини совунлаб ювиб қўйганини кўрмагандим. Уйда ётган аёллар, қизлар бор, уларнинг сочларини юқиб тараб қўйишга ёрдам бериш мумкин. Ҳамма сумкалаб овқат ташиш билан банд. Бу волонтёрлик хизматлари масаласини чуқур ўрганиш, ўйлаб кўриш керак», — дейди хоким.
Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов Тошкент шаҳар ҳокими Жахонгир Ортиқхўжаевнинг кўнгиллилар фаолияти тўғрисидаги сўзларига изоҳ берди. У Тошкент шаҳрини ҳокимият эплолмай қолганида, айнан шу волонтёрлар ҳаётини хавф остига қўйиб, одамлар дардига малҳам бўлганини эслатиб ўтди.
«Тегилмаган шу волонтёрлар қолганди. Бу ёшларга мотивация эмас, қўлига бир урадиган тадбир бўлибди. Ваҳоланки, пандемия даврида барча ёшлар бирлашди, Тошкент шаҳрини ҳокимият эплолмай қолганида, айнан шу волонтёрлар ҳаётини хавф остига қўйиб, одамлар дардига малҳам бўлди. Ўша пайтда ёрдамга муҳтож бўлиб, уйда ётган айрим қарияларга оёғини тоғорага сув солиб, совун билан ювиш эмас, балки сумкада ташилган егуликлар керак эди. Энди уларни ўрганиш керакмиш. Улар даромад оляптими ёки кўнгилли ёрдамчиларми, шуни ўрганиш керакмиш. Ўрганиш эмас, раҳмат дейиш керак. Ўрганиш керак бўлса, Тошкентда масала кўп», — дейди у.
Шарҳлар