Коронавирус бўйича қайноқ телефон фаолиятига 100 дан ортиқ оператор жалб этилди

Коронавирус бўйича қайноқ телефон фаолиятига 100 дан ортиқ оператор жалб этилди

Фуқароларнинг коронавирус инфекцияси масалалари бўйича мурожаатлари билан call-марказнинг 100 дан ортиқ оператори ишламоқда. Бугун, 16 март куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги 1003 қисқа рақамини ишга туширди.

Сall-марказ ходимлари – соғлиқни сақлаш тизимининг амалдаги ходимларидир. Уларнинг ихтиёрида мамлакатдаги коронавирус инфекцияси билан боғлиқ вазият бўйича энг тезкор ахборот мавжуд.

Операторларнинг вазифаси фуқароларнинг коронавирус ҳақидаги конкрет саволларига жавоб бериш ва шу тарзда уларга ахборот гигиенасига амал қилишда кўмаклашишдан иборат.
 
Ижтимоий тармоқларда тез-тез учрайдиган саволлардан бири – “Карантин шароитларида ўзингни ёмон ҳис қилсанг, қаерга мурожаат қилиш керак?”
 
– Шамоллаш аломатларида поликлиникага мустақил равишда бориш тавсия этилмайди. Яхшиси участка шифокорига мурожаат қилинг, у уйда бирламчи кўрикни ўтказади ва тавсиялар беради, – дея жавоб беради call-марказ оператори.
 
Коронавирус бўйича 1003 қисқа рақами туну-кун ишлайди. Ходимлар фуқароларга ўзбек ва рус тилларида маслаҳат беради.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.