Коронавирус Ўзбекистонда: шу соат янгиликлари билан танишинг
Инфекцияга чалинган кишилар сони 1349 кишига етди. Коронавирус бўйича шу соатнинг охирги янгиликларини тўпладик, мавзу бўйича расмий ахборотни бу ерда кузатиб бориш мумкин.
Президент долзарб бўлмаган лойиҳаларни кейинга қолдиришни топширди
Шавкат Мирзиёев давлат бюджетининг барқарорлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисидаги қарорни имзолади. Унда касаллик тарқалишини максимал даражада локализация қилиш ва карантин муддатлари чўзилиб кетишининг имкон қадар олдини олиш муҳим ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга эканлиги таъкидланади.
Қарорга мувофиқ иккинчи чоракка режалаштирилган алоҳида ҳаражатлар иккинчи ярим йилликка кўчирилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига давлат ҳокимияти органлари, суд ва прокуратура органлари, вазирликлар ва идораларнинг солиқлар, мажбурий йиғимлар, божлар, жарималар ҳисобидан жамланадиган бюджетдан ташқари жамғармалари харажатларини (ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва қонунчиликда белгиланган моддий рағбатлантириш харажатлари бундан мустасно) қисқартириш ва иқтисод қилинган маблағларни Ўзбекистон Республикаси республика бюджетига йўналтириш ваколати берилди.
Ўзбекистон Венгрияга 500 мингта ниқоб жўнатди
Ёрдам юки Боку орқали юк самолёти билан жўнатилди. Март ойи охирида Ўзбекистон ушбу давлатга 150 мингта ҳимоя ниқобларини жўнатганди.
Юнусободда истиқомат қилувчи фуқарода тиббий муассасага беш марта мурожаат қилганидан кейин Covid-19 аниқланган
19 мартдан 4 апрелга қадар аёл баланд ҳарорат ва бемажолликдан шикоят қилиб тўрт марта Юнусобод туманидаги 51-оилавий поликлиникага ва 7-сонли шаҳар клиник касалхонасига мурожаат қилган. Унга ҳар сафар тиббий хизмат кўрсатилганидан кейин шифокорлар уйига қўйиб юборган. Ниҳоят аёл бешинчи марта мурожаат қилганидан сўнг, ундан коронавирусга тест намунасини олишган. Айни пайтда у билан контактда бўлган 30 дан ортиқ киши карантинга жойлаштирилди.
Андижон вилоятида тиббиёт соҳасининг 74 нафар ходими коронавирусга чалинди
Вилоятда жами коронавирусга чалинган 102 та бемор қайд этилган. Тиббий ходимлардан ташқари, яна 15 нафар бемор бошқа касб эгаларидир. Коронавирус ташҳиси қўйилган шахслар орасида 13 нафар вояга етмаган фуқаро ҳам бор.
Пенсия банк карталаридан нақд маблағларни ечиб олганлик учун комиссия ҳақини камайтириш ёки бекор қилиш режалаштирилмоқда
«Биз икки йўналишда ишлаяпмиз. Биринчиси – бу имтиёзли комиссия. Ҳозир комиссия ҳақи ўртача 1% ни ташкил қилади, уни ярмига (0,5% гача) камайтириш масаласи кўриб чиқилмоқда. Иккинчиси – барча банкларнинг банкоматларида пенсионерлардан комиссия ҳақини олмаслик. Бу масала техник жиҳат билан боғлиқ. Уни ҳал қилсак, бу ҳақда хабар берамиз», — дейди Марказий банк раҳбари Мамаризо Нурмуратов.
Шарҳлар