Кўзи ожиз болаларнинг муаллимлари мантаб-интернатларда 12 йиллик таълимни сақлаб қолишни сўрашмоқда
Ўзбекистоннинг ихтисослашган мактабларида, шу жумладан кўзи ожиз болалар интернатларида ҳам таълим муддати 12 йилдан 11 йилга ўтказилмоқда. Аммо бу кўзи ожиз ўқувчилар таълимига салбий таъсир қилиши мумкин.
Президентнинг 2020 йил 13 октябрдаги қарорига асосан, 2021/22 ўқув йилидан бошлаб ихтисослаштирилган таълим муассасаларида мажбурий умумий ўрта таълим 12 йилдан 11 йилга қисқартирилади. Кўзи ожиз ўқувчиларга дарс берувчи муаллимлар шу масала юзасидан ижтимоий тармоқларда мурожаат билан чиқди. Бу ҳақда Kun.uz нашри ёзади.
77-сонли кўзи ожиз болалар махсус мактаб интернати ўқитувчиси Оқмурод Отамуродовнинг сўзларига кўра, таълим муддати бир йилга қисқартирилиши – кўзи ожиз ўқувчиларнинг давлат таълим стандартини тўлиқ ўзлаштиришига имкон бермайди.
Унинг айтишича, ушбу қарор орқали имконияти чекланган болаларнинг барчаси бир турга олинган, яъни классификация қилинмаган. Ваҳоланки, ногиронлик турлича бўлади.
«Айрим турдаги ногиронларнинг ўқиш учун қобилияти етмаслиги мумкин. Лекин кўзи ожиз болалар ақлан соғлом бўлади, фақат кўрмайди холос», – дейди у.
Умумтаълим мактабларида математика дарслиги битта китоб бўлса, кўзи ожизлар учун битта дарслик 10 та китобдан иборат бўлади. Уларда бир саҳифага сиғган нарса, бизда 3–5 бетга тўғри келади», – дея қайд этади Оқмурод Отамуродов.
Кўзи ожиз боланинг ёзиши соғломларга нисбатан 3–4 баравар, ўқиши эса 2–3 баравар секин бўлади.
«Ўқувчиларимиз 12 йил ўқиб кўпгина ютуқларга эришишган. 12-синф очилганидан кейин ўқувчиларимиз ҳаттоки республика олимпиадаларида ҳам ғолиб бўлишган».
«Ҳурматли президент Шавкат Миромонович. Ўқувчиларимизнинг келажакда касб танлаши ва ҳаётда ўз ўрнини топиши учун кўриш бўйича имконияти чекланган болалар учун 12 йиллик таълим қолдирилишини сиздан илтимос қилиб сўраймиз», – дейди математика ўқитувчиси.
77-сонли кўзи ожиз болалар махсус мактаб интернатининг бошқа бир ўқитувчиси Баҳодир Қурбонов сенаторлар ва депутатларга мурожаат қилган.
«Ҳурматли сенатор ва депутатларимиз. Бизнинг мурожаатимизни тўғри қабул қилишингизни, иложи борича ижобий ҳал бўлишида амалий ёрдам беришингизни илтимос қиламиз. Соғлом бола дарсда 5–6 соат ўтирса, кўзи ожиз ўқувчиларимиз касаллиги туфайли 3–4 соатда чарчаб қолишади. Бу дегани, керак бўлган информацияларни олиши кўзи билан боғлиқ муаммо бўлгани учун озгина қийин кечади».
Шарҳлар