Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ташкил этилди
Ўзбекистон Президентининг 2017 йил 24 июлдаги № ПФ-5120-сонли Фармони билан бевосита давлат раҳбарига бўйсунувчи Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (ЛБМА) ташкил этилди.
Қуйидагилар Агентликнинг вазифалари этиб белгиланди:
Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизимини яратиш, жорий этиш ва эксплуатация қилиш;
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари, Ўзбекистон Республикаси томонидан жалб этиладиган хорижий кредитлар, заём ва грантлар маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган давлат ва ҳудудий дастурлар, инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишининг самарадорлиги ва шаффофлигини ошириш;
ресурсларнинг ҳақиқий бозор қийматини шакллантириш ҳамда нотўғри техник топшириқ ва сметаларни юритишга йўл қўймаслик имконини берадиган ресурслар ягона миллий маълумотномасини юритиш;
давлат харидларини амалга ошириш учун ягона ахборот майдонини яратиш;
Агентлик Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари, Ўзбекистон Республикаси томонидан жалб этиладиган хорижий кредитлар, заём ва грантлар маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳаларни сифатли ва ўз вақтида амалга оширишга кўмаклашишни таъминлаши, норентабелли ва самарадорлиги паст лойиҳаларни аниқлаши лозим.
Шунингдек у:
давлат органлари ва бошқа ташкилотларда замонавий технологияларни жорий этиш концепциялари ишлаб чиқилиши ва ҳар томонлама таҳлил қилинишини таъминлайди;
лойиҳаларни, шу жумладан амалга оширилаётган лойиҳаларни коррупция ва бошқа суиистеъмолчиликлар аломатлари мавжудлиги юзасидан комплекс техник-иқтисодий таҳлил қилади;
Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизими ишлашини таъминловчи замонавий ахборот-коммуникация технологияларини давлат органлари ва бошқа ташкилотларда жорий этади;
лойиҳа бошқаруви соҳасида кадрларни ўқитиш ва уларнинг малакасини оширишга кўмаклашади.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига мазкур Фармон ва Ўзбекистон Республикаси Лойиҳа бошқарувининг ягона миллий ахборот тизими жорий этилиши билан боғлиқ бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижро этилиши устидан қатъий назоратни ўрнатиш топширилди.
Шарҳлар