Маҳалла вазирлиги ва ҳокимликлар ходимларига меҳнат мухожирларининг оилаларини бориб кўриш топширилди
Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига ҳокимликлар билан бирга хорижга ишлашга кетган юртдошларнинг оиласидан доимий хабар олиб, ота-онасининг соғлиғи, фарзандларининг ўқиши ва бошқа эҳтиёжларига кўмаклашиш вазифаси қўйилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар беради.
Ҳудудлардаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги филиалларининг ваколатлари кенгайтирилиб, уларга хорижий иш берувчилар билан бевосита шартнома тузиш, миграция хизматлари билан музокаралар ўтказиш ҳуқуқи берилади. Бу филиаллар раҳбарлари вилоят ҳокимининг ёрдамчиси ҳисобланади.
Мутасаддиларга хорижий давлатлардаги йирик иш берувчилар билан музокара ўтказиб, ишчи ва мутахассислар юборишни кўпайтириш, меҳнат мигрантларига йўл ҳақи, патент ва суғурта харажатлари учун 10 миллион сўмгача паст ставкада кредитлар ажратиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Сектор раҳбарлари, меҳнат ва маҳалла идоралари вакиллари ўз ҳудудидаги шундай ташаббускорлар рўйхатини шакллантириб, уларнинг бизнес лойиҳаси билан танишади. Рўйхатдан ўтишга кўмаклашиб, 3 ойгача ижара тўловлари бўйича субсидия берилади. Шунингдек, тадбиркорликни бошлаш учун кредит ресурслари ажратилади ҳамда банк кредитлари таъминоти бўйича суғурта полиси харажатларининг бир қисми қоплаб берилади. Бу мақсадларга Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан йил якунига қадар 25 миллиард сўм, кредитлар учун 100 миллиард сўм ажратилади.
Бош вазир ўринбосарларига ташкиллашган миграция бўйича иқтисодий, молиявий ва ташкилий-ҳуқуқий кўмак тизимини жорий этиш юзасидан алоҳида дастур ишлаб чиқиш вазифаси топширилди. Унда мамлакатимизда касб ва тилга ўргатиш, хорижда ишлаш кўникмаларини шакллантириш, йўлкира, патент, суғурта, пенсия ва кредит масалалари қамраб олинади. Шунингдек, ҳукуматлараро комиссиялар доирасида хориждаги юртдошларимизга муносиб шароит яратиш, чет элдаги банклар орқали уларни кредитлаш механизмлари назарда тутилади.
Шарҳлар