Махсус комиссиянинг янги қарори билан транспорт воситаларининг ҳаракати чекланиб, қаҳвахона ва ресторанлар фаолияти тўхтатилмоқда

Махсус комиссиянинг янги қарори билан транспорт воситаларининг ҳаракати чекланиб

COVID-19 тез тарқалаётгани ва мамлакатда ўлим ҳолатлари ошаётгани муносабати билан 10 июлдан 1 августга қадар ҳудудлар орасида транспорт воситаларининг ҳаракатланиши чекланади. Бу ҳақда Коронавирусга қарши курашиш бўйича махсус комиссия қарорида сўз боради.

Тўй ҳамда бошқа оилавий маросимларни ўтказиш тақиқланади. 65 ёшдан ошган шахсларнинг жамоат жойларида, шунингдек, аҳолининг кўчаларда ва майдонларда уч кишидан ортиқ бўлиб ҳаракатланиши чекланади.
 
Шунингдек парклар ва истироҳат боғларидаги аттракционлар; буюм бозорлари ва буюмлар савдоси билан шуғулланувчи йирик дўконлар; спорт заллари, фитнес клуб, тренажер ва бассейнлар; ташкилий-ҳуқуқий ва мулкчилик шаклидан қатъи назар мактабгача таълим ташкилотлари, ўқув курслари ва ҳар қандай тўгараклар; умумий овқатланиш объектлари (ресторан, кафе, ошхона, чойхона) (етказиб бериш (кейтеринг) хизмати бундан мустасно); санаторийлар, пансионатлар, болалар оромгоҳлари, меҳмон уйлари, пляжлар ва бошқа дам олиш масканларининг фаолияти тўхтатилади.

Давлат органлари ва ташкилотларининг асосий иш фаолиятига таъсир этмаган ҳолда қонунчиликда белгиланган тартибда меҳнат таътилига чиқарилиши, қолган қисмининг меҳнат фаолиятини максимал даражада масофадан туриб (онлайн ёки дистанцион тарзда) ташкил этилиши белгиланди. Давлат органлари, ташкилотлар ва корхоналарда йиғилишлар ўтказиш тақиқланди, зарур ҳолларда йиғилишлар видеоконференцалоқа режимида ўтказилади.
 
Бундан ташқари, халқаро авиарейслар ва юк ташувларини амалга ошириш тартиби қайта кўриб чиқилади. Халқаро авиарейслар сони хорижий мамлакатлардаги эпидемиологик вазиятни таҳлил қилиш асосида икки баравар қисқартирилади.
 
Халқаро юк ташувлари билан шуғулланувчи ҳайдовчилар мажбурий тартибда коронавирусга тест топширади.

Бош саҳифадаги фотосурат: Ўзбекистон ИИВ

Telegram каналимизга обуна бўлинг

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.