Мактаблар фаолиятини тиклаш ҳақидаги қарор халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари томонидан қабул қилинади
Халқ таълими вазирлиги томонидан ўтказилган сўровда 5,5 млн ота-она қатнашди, улардан 76% ўқув жараёнини мактабда амалга ошириш тарафдори эканини кўрсатган. Сўровномада қатнашганларнинг 24% таълим жараёни масофадан туриб теледарслар шаклида давом этиши кераклигини билдирган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида умумий ўрта таълим муассасаларида ўқув йилига тайёргарлик масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Мактабларда таълим жараёнини бир вақтнинг ўзида икки хил шаклда ташкил этишга қарор қилинди. Яъни, аксарият ота-оналар талабига кўра анъанавий, шу билан бирга масофавий шаклда йўлга қўйилади. Маҳаллий халқ депутатлари кенгашлари ўз туманидаги эпидемиологик шароитдан келиб чиқиб, мактаблар фаолиятини йўлга қўйиш юзасидан тегишли қарор қабул қилади.
«Ўқитувчилар билан ўтказилган мулоқотларда ҳам аксарият педагоглар болажонларнинг кўзи ва қалбларини соғинганини, таълим ва тарбия беришга тайёр эканини, мактаблар очилишини орзиқиб кутаётганини билдиришган», – дейилади президент матбуот хизматининг хабарида.
Туман ва шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарларига мактабларни санитар талабларга мувофиқ, бирламчи воситалар билан тўлиқ таъминлаш вазифаси қўйилди. Санитария хизмати марказлари 5 сентябрга қадар ўз ҳудудидаги мактабларнинг янги ўқув йилига тайёрлик ҳолатини ўрганиб, жамоага қўшимча ўқув-тренинглар ўтади. Бундан мақсад – мактабларга амалий ёрдам кўрсатиб, ота-оналарнинг кўнглини хотиржам қилишдир.
Халқ таълими вазирлигига ота-оналар ҳамда маҳаллий кенгашлар таклифларидан келиб чиқиб, янги ўқув йилини 14 сентябрдан бошлаш, мактабларда ҳаракатлар схемасини ишлаб чиқиб, тажрибадан ўтказиш бўйича топшириқ берилди. Бу тажриба асосида ўқувчиларни мактабда ким кутиб олиши, қайси синф қайси эшикдан кириши, синфхоналарнинг ҳавоси қачон алмаштирилиши каби ҳар бир қадам аниқ белгилаб олинади.
Ўқувчилар учун интернетдан фойдаланишда имтиёзли “Мактаб” тариф режаси жорий этилиши айтилди.
Ҳар бир мактабга ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари бириктирилиб, тартибни сақлаш ва карантин талабларига риоя этилишини назорат қилади. Ўқувчилар соғлигидан доимий хабардор бўлиш мақсадида ҳудудий поликлиника ёки врачлик пунктларидан камида бир нафардан тиббиёт ходими жалб этилади.
Мутасадди вазирликларга мактаблар учун пирометр ва дозаторлар харид қилиш ҳамда ҳудудларга етказиш бўйича топшириқлар берилди. Вилоят ҳокимлари мактабларни дезинфекция қилиш, антисептик воситалар, тиббий ниқоблар билан таъминлашга масъул этиб белгиланди.
Шарҳлар