Мактабларда “молия саводхонлиги” дарси пайдо бўлади – президент тегишли фармонни имзолади
Президент Молия вазирлиги, Марказий банк, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Халқ таълими вазирлигининг “Молия ва инвестиция саводхонлиги” дастурини амалга ошириш тўғрисидаги таклифини маъқуллади. Бу ҳақда давлат раҳбарининг фармонида сўз боради.
Дастур қуйидаги тамойилларга асосланади:
– умумтаълим мактаблари ўқувчилари ҳамда ноиқтисодий йўналишдаги олий таълим ташкилотлари талабалари учун “Молиявий саводхонлик” ўқув курсини фан сифатида жорий этиш. Ушбу фан доирасида маблағларни тўғри бошқариш, оқилона молиявий қарорлар қабул қилиш, жумладан, молиявий инструментлар бўйича ўқитиш методологиясини ишлаб чиқиш ҳамда “Молиявий саводхонлик олимпиадалари”ни ташкил этиш орқали ўқув курсининг самарадорлигини баҳолаш;
– илғор хорижий ўқув муассасалари ва тадқиқот институтлари, молия ташкилотларидан етакчи мутахассисларни молиявий саводхонлик даражасини оширишга оид таълим тадбирларига кенг жалб қилиш;
– аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг молиявий саводхонлигини ошириш, уларни молиявий хизматлар ва маҳсулотлар, жумладан, капитал бозори ҳамда молиявий инструментлар ҳақида хабардор қилиш билан боғлиқ ташаббусларни ҳамжиҳатликда амалга оширган ҳолда мутасадди ташкилотлар билан фаол ҳамкорликни йўлга қўйиш;
– аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг молиявий, шу жумладан, инвестиция бўйича саводхонлигини ошириш борасидаги барча тадбирларни 2021-2023 йилларга мўлжалланган Молиявий хизматлар оммабоплигини ошириш миллий стратегияси доирасида амалга ошириш.
Шарҳлар