Малайзия Ўзбекистонга кўпроқ пальма ёғини сотадиган бўлди: бунга Ҳиндистон билан низо сабабчи
Озуқа ёғларининг энг йирик харидорларидан бири бўлган Ҳиндистон ўтган ҳафтада рафинадланган пальма мойи импортини чеклади ва трейдерлардан норасмий тарзда Малайзиядан барча турдаги пальма ёғлари импортини тўхтатишни сўради. Бу ҳақда Reuters хабар беради.
Шу муносабат билан энди Малайзия пальма ёғини Ўзбекистон, Покистон, Филиппин, Мьянма, Вьетнам, Эфиопия, Саудия Арабистони, Миср, Жазоир, Иордания, Қозоғистон каби мамлакатларга кўпроқ сота бошлайди.
Ҳиндистон савдо вазири Пиюш Гоял пайшанба куни Нью-Деҳли Малайзия ва Туркиядан импортга ҳеч қандай чеклов жорий этмаганини ва ҳукумат икки мамлакат учун ҳеч қандай чекловларни кўриб чиқмаслигини билдирди.
Ҳиндистон ва Малайзия ўртасидаги дипломатик низога Малайзия бош вазири Мохамад Мохатхирнинг ўтган йил ноябрь ойидаги гаплари сабабчи бўлган. У Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқида Ҳиндистонни Жамму ва Кашмирни босиб олишда айблади. Шунингдек жаноб Мохатхир ушбу провинцияларнинг алоҳида мақоми бакор қилинишини ҳам танқид қилди.
Мохатхирнинг қайд этишича, Малайзия пальма ёғи импортига жорий этилган чекловлардан ташвишда, аммо шунга қарамасдан у молиявий жиҳатдан мамлакатга зарра бўлса ҳам “нотўғри ишлар”га қарши чиқишда давом этишини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил июнь ойида пальма ёғи импортининг кескин ўсиши Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларини ташвишга солганди. Депутатлар аҳоли томонидан мурожаатлар сони туфайли бу масалага қизиқиб қолганди.
Шарҳлар