Миллий гвардия Бош қўриқлаш бошқармаси ходимларининг иш ҳақи оширилади

Миллий гвардиянинг қўриқлаш хизмати Миллий гвардия Бош қўриқлаш бошқармасига қилиб қайта ташкил этилмоқда. Бу ҳақда президент фармонида сўз боради. Унинг ходимларига иш ҳақи оширилади ва улар ўзларининг ҳуқуқий мақоми бўйича ички ишлар органларининг ходимларига тенглаштирилади, деб ёзади Norma.uz нашри.
 
Бош қўриқлаш бошқармасининг асосий вазифаларига қуйидагилар киради:

·         давлат, ўта муҳим, категориялаштирилган ва бошқа объектларни, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкини ҳамда хорижий давлатларнинг дипломатик, консуллик ваколатхоналарини ва халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналарини шартнома асосида қўриқлаш;
·         ички ва ўтказиш режимларини, жамоат тартибини таъминлаш ҳамда қўриқланадиган объектларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларга чек қўйиш;
·         қўриқлаш воситалари ва тизимларини қўллаш, улардан фойдаланишни самарали назорат қилиш соҳасида ягона техник сиёсат юритилишини таъминлаш;
·         қўриқлаш бўйича техник воситаларни шартнома асосида ўрнатиш (созлаш), уларга техник хизмат кўрсатиш ва улардан фойдаланиш;
·         устав жамғармасида (капиталида) давлат улуши 50 ва ундан ортиқ фоизни ташкил қиладиган давлат ташкилотлари ва юридик шахсларнинг қўриқлаш бўлинмаларида инспекторлик назорат текширувларини ўтказиш (ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва ҳарбийлаштирилган тузилмалар бундан истисно), объектларда ички ва ўтказиш режимларига амал қилинишини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш;
·         оммавий тадбирларни ўтказиш пайтида жамоатчилик хавфсизлигини таъминлашда қатнашиш, одамлар оммавий тўпланадиган жойларда жамоатчилик тартибини таъминлашда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига кўмаклашиш.

Бош қўриқлаш бошқармасининг аттестациядан ўтказилган таркиби Миллий гвардия ходимлари ҳисобланади ва ҳуқуқий мақоми бўйича ички ишлар органларининг ходимларига тенглаштирилади.
 
2021 йил 1 июлдан бошлаб бош қўриқлаш бошқармаси ходимларига лавозим маошининг 20% миқдорида ҳар ойлик устама белгиланади.

Бош саҳифадаги фотосурат: Norma.uz

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.