Миразиз Бозоровга қарши “туҳмат” моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилди

Бир ой олдин дўппосланган блогер Миразиз Бозорга қарши “туҳмат” моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилди. 1-20 апрель кунлари Тошкент шаҳар ИИББ га фуқаролардан 28 та ариза ҳамда Миробод туманидаги 110-сонли мактабнинг ўқитувчилар таркибидан Миразиз Бозоров “интернет тармоғига жойлаштирилган ўз видеороликларида фуқароларни ва уларнинг яқинларини ҳақорат қилаётгани, уларни туҳмат гаплар билан террорчилик ташкилотлари билан шерикликда айблаётгани, миллий анъаналар устидан кулаётгани, аёлларнинг қадр-қиммати ҳиссига тегиб кетаётгани ҳамда миллатлараро нифоқ келтириб чиқараётгани учун” унга нисбатан қонуний чораларни кўриш талаби билан жамоавий ариза келиб тушган. Бу ҳақда ИИББ матбуот хизмати хабар беради.

Аризада ўқитувчилар жамоаси Интернет тармоғидаги медиамаконларда мазкур мактаб ўқитувчиларининг касбий ва шахсий сифатлари ҳақида ҳақоратли маълумотлар тарқатганлиги ва шу билан уларнинг обрўсини топтаганлиги учун Бозоров Миразизга нисбатан қонуний чора кўришни сўрашган.
Мазкур аризалар бўйича терговга қадар текширув ўтказилиб, тегишли комплексли экспертиза тайинланди.
 

Фотосурат: Миразиз Бозоровнинг Facebook тармоғидаги саҳифасидан

«Терговга қадар текширув натижаларига кўра, Базаров Миразизнинг хатти-ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми “г” бандида (“Ғаразгўйлик ёки бошқа паст ниятларда туҳмат қилиш, яъни била туриб бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш”) назарда тутилган жиноят аломатлари борлиги аниқланиб жиноят иши қўзғатилди. Тергов давом этмоқда».
 
Блогернинг дўппосланиши
 

Фотосурат: Тошкент шаҳар ИИББ

Эслатиб ўтамиз, Миразиз Бозоров 28 март куни кечқурун номаълум шахслар томонидан дўппосланган эди. ИИББнинг қайд этишича, ушбу ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 105-моддаси 2-қисми “и” банди (“Бир гуруҳ шахслар ёки уюшган гуруҳ аъзоси томонидан ёхуд шу гуруҳ манфаатларини кўзлаб қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш”) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган. 

«Тергов томонидан суд-тиббий экспертиза хулосаси олингач, жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “к” бандига (“Қасддан баданга оғир шикаст етказиш, бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилиши”) қайта малакаланди».

Жиноят иши доирасида тузилган тергов-тезкор гуруҳ томонидан 100 дан ортиқ фуқаролар сўроқ қилинди, жиноятчилар ҳаракатланган бўлиши мумкин деб гумонланган 41 172 та автотранспорт воситалари ўрганилмоқда. Мазкур жиноятга алоқадор фуқароларнинг шахслари аниқланмоқда. 

Шунингдек, идора жабрланувчининг сўзларидан гумондорнинг фотороботини ҳам чоп этди.

Амир Темур хиёбонидаги тажовуз.
 

Фотосурат: Тошкент шаҳар ИИББ

Жорий йилнинг 28 март куни тахминан соат 15.00 да Юнусобод туманидаги Амир Темур хиёбонида уч-тўртта фуқаро ёш йигит ва қизни ЛГБТ фаоллари деб гумонлаб, уларга тан жароҳатлари етказган. Уларга яна 20-25 нафар шахслар қўшилиб, безорилик ҳаракатларини давом эттиришган. Дастлаб жанжални бошлаган 12 нафар фуқаро ушланган.  Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми “б” банди (“Безорилик, бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилиши”) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Тергов давомида ҳодисада бевосита иштирок этган шахслар аниқланиб (31 нафар), уларнинг ҳар бирининг ҳаракатига ҳуқуқий баҳо берилди.

«Улардан тўрт нафари жиноят ишида айбланувчи тариқасида жалб қилинди. Булар: Тошкент вилоятида туғилган 1989 йилда туғилган Қурбонов Фарходжон ва 1991 йилда туғилган Йўлдошев Музаффар, шунингдек пойтахтда истиқомат қилувчи 1993 йилда туғилган Фазлитдинов Боходир ҳамда 2002 йилда туғилган Анваров Рихситилла. Айбланувчиларга нисбатан уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси танланди. Дастлабки тергов тугагандан сўнг, жиноят иши қонуний қарор қабул қилиниши учун судга тақдим этилади».

“Можарода иштирок этган қолган 27 нафар шахсларнинг хатти-ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (“Майда безорилик”), 194-моддаси (“Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик”), 195-моддаси (“Ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш”) ва 201-моддасида (“Йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш”) назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд”, – дея қайд этади ИИББ.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.