Миробод туман ИИБ блогер Миразиз Бозоровнинг калтакланиши факти бўйича жиноий иш қўзғатди
Тошкентлик блогер Миразиз Бозоров 28 март куни ўз уйи ёнида калтакланди. Тошкент шаҳар ИИББнинг маълумотларига кўра, 28 март куни тахминан соат 22:45 ларда Миробод тумани Афросиёб кўчаси 21-уй олдида 3 нафар номаълум шахслар 1991 й.т. Бозоров Миразиз Мирзажон ўғлини уриб тан жароҳатлари етказган ва воқеа жойидан номаълум тарафга яширинган.
«У подъездга кираётган пайтда бир машина келиб тўхтади, ундан ниқоб таққан уч киши тушди, улардан бири бейсбол биттаси билан қуролланган эди, шу тарзда улар Бозоровни ура бошлади», — дейди «Фергана» нашрига воқеага гувоҳ бўлган киши. Унинг сўзларига кўра, калтаклаш жараёни уч дақиқа давом этган, бу вақт ичида номаълум шахслар Митразизга кўплаб зарбалар берган.
«Тиббиёт муассасасидан олинган маълумотга кўра, ушбу фуқарода бош мия очиқ ва ёпиқ жароҳатлари, ўнг қош соҳаси йиртилган жароҳати, кўкрак қафаси ва қорин соҳаси юмшоқ тўқималари лат ейиши, ўнг оёқ болдир суяги очиқ синиши жароҳатлари қайд этилган», – дейилади хабарда.
«Фергана» тарқатган маълумотларга кўра, блогер Тошкентдаги Республика касалхонасининг реанимация бўлинмасига ўтказилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Миробод тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 105-моддаси 2-қисми “и” банди (“Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш”) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда М.Бозоровга нисбатан тан жароҳатлари етказган номаълум шахсларни аниқлаш мақсадида тергов-тезкор гуруҳи тузилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Бош саҳифадаги фотосурат: “Фергана”
Шарҳлар