Мирзиёев шахсни қўлга олиш жараёнини видео тасвирга туширишни мажбурий этишни таклиф қилди
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакат Конституцияси қабул қилинганлигининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимда сўзга чиқар экан, қуйидагиларни қайд этди:
“Хабарингиз бор, ўтган йилларда тинтув жараёнини, олинган кўрсатмаларни ҳодиса содир бўлган жойда текшириш, тергов эксперименти каби процессуал ҳаракатларни видео тасвир орқали қайд этиш шартлиги қонуний асосда белгиланган эди.
Бироқ аҳоли билан мулоқотлар ҳуқуқ бузилиши хавфи бўлган бошқа ҳолатлар бўйича ҳам шундай чораларни қўллаш зарурлигини кўрсатмоқда. Хусусан, шахсни ушлаб туриш, унга процессуал ҳуқуқларини тушунтириш каби жараёнларни, агар у ҳимоячидан воз кечса, бу ҳолатни ҳам мажбурий тарзда видео тасвирга тушириш тартибини ўрнатиш зарур.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан ушланган шахс махсус бинога олиб келинганидан кейин бу ҳақда унинг оила аъзолари дарҳол хабардор қилиниши керак. Буни суриштирувчи, терговчи ва бошқа ваколатли шахснинг мажбурияти сифатида қонунда аниқ белгилаб қўйишни таклиф этаман.
Бундан ташқари, шахсни ушлаб туриш ва унинг ҳуқуқини чеклайдиган бошқа процессуал мажбурлов чораларини қўллаш ҳолатларини ҳисобга олишнинг электрон тизимига ўтиш зарур. Бу жараёнда инсон омили иштирокини иложи борича камайтириш лозим”.
Шарҳлар