Молия вазирлиги давлат хизматчиларига хизмат автомобилларини ажратиш тартибини тартибга солмоқчи. Бу ҳақда «Газета.uz» нашри Молия вазирлигининг матбуот хизматига таянган ҳолда хабар беради.

Вазирликнинг қайд этишича, амалдаги қонунчилик бу борада “жуда эскирган”, шу боис вазирлик хизмат автомобилини ажратиш ва унинг синфини белгилашда мураккабликлар мавжудлиги муносабати билан харажатларни оптималлаштириш бўйича халқаро амалиётни ўрганмоқда.
 
«Масалан, янги агентлик очилди. Агентлик директори ва унинг ўринбосарига хизмат автомобилини ажратиш топширилди. Аммо уларга қайси синфга мансуб автомобилни ажратиш керак? Агентлик юқори синфни хоҳлаяпти, биз эса бюджет маблағларидан самаралироқ фойдаланиш учун сизларга мана бу позициядаги автомобиль тўғри келади деймиз», — дейди вазирлик вакили.

Янги ҳужжатни ишлаб чиқишда хизмат автомобилларининг синфларини конкрет тавсифлаш бўйича таклиф киритиш режалаштирилмоқда.

«Вазир учун шартли равишда — А синфига мансуб автомобиль, унинг ўринбосарига — В синфига мансуб автомобиль, бошқа ходимларга — бошқа синфларга мансуб автомобиллар», — дея қайд этишмоқда вазирлик матьбуот хизматида.

Вазирлар Маҳкамасининг қарорида шахсий, навбатчи хизмат автомобиллари ва махсус транспорт кўзда тутилган. Молия вазирлигида қайд этишларича, кўп ҳолларда шахсий автомобиллар Chevrolet Malibu ва чет эл машиналари билан тақдим этилган.

«Чет эл машинасини харид қилиш-қилмаслик масаласи очиқлигича қолмоқда. Янги қарор ушбу саволларга жавоб бериши ва турлича тушунишларни истисно қилиши керак», — дея таъкидламоқда Молия вазирлиги.