Молия вазирлиги шифокорларга тўланиши керак бўлган 19,6 млрд сўмлик рағбатлантирувчи тўловлар кечикаётганини аниқлади
Шу йилнинг 15-18 май кунлари Молия вазирлигининг Давлат молия назорати департаменти 32 та тиббий муассасанинг 932 нафар ходимига тўланиши керак бўлган 19,6 млрд сўм миқдоридаги тегишли тўловларни амалга оширишда кечикишлар мавжудлигини аниқлади. Бу ҳақда Молия вазирлигининг матбуот хизмати хабар беради.
Идорада қайд этишларича, даволаш муассасалари, ҳудудий соғлиқни сақлаш бошқармалари ва санитария-эпидемиологик осойишталик марказлари молия органларига ходимларнинг рўйхатлари кўрсатилган зарур аризаларни ўз вақтида тақдим этмаган.
Самарқанд вилоят юқумли касалликлар клиник касалхонаси тиббий ходимларга тўловлар ажратишга ариза жўнатган, бироқ вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бу ходимларнинг рўйхатини тасдиқламаган ва аризани вилоят бош молия бошқармасига расмийлаштирмаган. Бунинг натижасида 61 та мухатассисга ўз вақтида 1,2 млрд сўм тўланмаган.
Хоразм вилояти Санитария-эпидемиологик осойишталик марказига тўққизта соғлиқни сақлаш муассасасидан аризалар тақдим этилган, бироқ марказ ходимлари рўйхатни тасдиқламаган ва уни ҳудуднинг бош молия бошқармасига тақдим этмаган. Натижада тиббий ходимлар 1,7 млрд сўмни ўз вақтида ололмаган.
Андижон вилоят юқумли касалликлар касалхонасининг масъул шахслари томонидан бошқа муассасалардан жалб этилган тиббий ходимлар ишлаган кунлар бўйича табеллар тақдим этилмаган, шу муносабат билан 80 та ходим 1 млрд 711,7 млн сўмлик тўловларсиз қолган.
Шунингдек Тошкентдаги 5 та тиббий муассаса ходимларига тўланиши керак бўлган 4 млрд 767,5 млн сўм ўз вақтида тўланмаган.
Шу билан бирга, рағбатлантирувчи тўловлар тўланиши керак бўлган мутахассислар рўйхатларига ҳеч қандай асоссиз коронавирусга чалинган беморларни даволамаган ходимлар ҳам қўшилган ҳолатлар ҳам аниқланган. Улар рағбатлантирувчи тўловларни олган. Айни пайтда кўрсатилган суммаларни ундириш бўйича чоралар кўрилмоқда. Бу шифокорларни рўйхатга ким қўшганига Молия вазирлиги аниқлик киритмаган.
Эслатиб ўтамиз, Covid-19 га чалинган беморлар билан 14 кун ишлаган мутахассисларга тўловлар ходимнинг лавозимига қараб, 5 млн дан 25 млн гача бўлган суммани ташкил қилади.
Шарҳлар