Монополияга қарши курашиш қўмитаси таҳририятнинг ташқи реклама конструкциялари ҳақидаги сўровига жавоб берди

Монополияга қарши курашиш қўмитаси таҳририятнинг ташқи реклама конструкциялари ҳақидаги сўровига жавоб берди

Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги таҳририятнинг нега ташқи реклама конструкцияларининг эгалари иншоотга рухсатнома олиш учун ҳокимиятма-ҳокимият юришга мажбурлиги ҳақидаги сўровига жавоб берди.
 
«Ташқи рекламани жойлаштириш соҳасидаги фаолиятни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор талабларига мувофиқ ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) ўрнатиш ҳуқуқини олиш бўйича қуйидаги процедура ўрнатилган:

✅ ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) жойлаштириш учун ер участкалари, давлат мулки бўлган бино ва иншоотлар рўйхатини шакллантириш, тавсия этиладиган реклама конструкциялари турлари ва уларни жойлаштириш хариталари (схемалари)ни тузиш ҳамда оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ички ишлар, қурилиш органлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ҳудудий бошқармалари билан ҳамкорликда амалга оширилади;
 
✅ ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) ер участкаларида, шунингдек, ва давлат мулки бўлган бино ва иншоотларда жойлаштириш ҳуқуқини бериш «E-IJRO AUKSION» ягона электрон савдо майдончасида очиқ электрон аукционлар орқали амалга оширилади, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолатлар бундан мустасно;
 
✅ «E-IJRO AUKSION» ягона электрон савдо майдончасида очиқ электрон аукционлар орқали берилган ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) ер участкаларида, шунингдек, давлат мулки бўлган бино ва иншоотларда жойлаштириш ҳуқуқига шартномалар тузиш туман (шаҳар) ҳокимлари томонидан амалга оширилади;
 
✅Тадбиркорлик субъектлари ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) ўрнатиш ҳуқуқини, шу жумладан реклама жойларининг паспортларини Давлат хизматлари марказлари (“ягона дарча”) орқали расмийлаштиради.

Шунингдек хабарда Адлия вазирлиги «Ташқи реклама объектларини (иншоотларини) жойлаштириш ҳуқуқини рўйхатдан ўтказиш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш маъмурий регламентини тасдиқлаш тўғрисида»ги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳасини ишлаб чиққани ҳам қайд этилади. Бугунги кунда ушбу лойиҳани муҳокама қилиш ишлари якунланган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.