Монополияга қарши курашиш қўмитаси ЎзБАТга қарши иш қўзғади
Монополияга қарши курашиш қўмитасининг Тошкент ҳудудий бошқармаси томонидан «ЎзБАТ» АЖ ва LYFT рекламасини жойлаштирган якка тартибдаги тадбиркор Абдуллаев Асаджон Алишер ўғлига нисбатан реклама ҳақидаги қонунчиликни бузгани ҳақида иш қўзғади. Бу ҳақда Монополияга қарши курашиш қўмитасининг матбуот хизмати хабар беради.
Хусусан, Тошкент шаҳар, Чилонзор тумани, И.Каримов ва Фурқат кўчалари кесишувидаги чорраҳада жойлашган реклама мониторида, Яккасарой туманидаги “Grand Mir” меҳмонхонаси рўпарасидаги реклама мониторида, “Afrosiyob” тез юрар поездининг хизмат араваси ён томонида, “Malibu” русумли хизмат автомобилларида ҳамда Тошкент шаҳрида ҳаракатланувчи ён томонига реклама монитори ўрнатилган юк машинасида “LYFT” савдо белгиси остида ишлаб чиқарилган таркибида никотин бўлган маҳсулотнинг рекламалари жойлаштирилганлиги ўз тасдиғини топган.
Шунингдек, интернет тармоғидаги www.golyft.uz расмий веб-сайтида “Odatni oʻzgartirib boʻlmaydi deb kim aytdi?”, “Yangi hissiyotlarni qidiryapsanmi? LYFTni kashf et” деган ёзувлар билан инсонларнинг мазкур маҳсулотни истеъмол қилишга қизиқишини уйғотувчи бир қатор реклама маълумотлари жойлаштирилганлиги кузатилган.
Ўзбекистон Республикаси “Реклама тўғрисида”ги Қонунининг 6-моддасига асосан, рекламада, қонун ҳужжатларининг бузилишига олиб келиши мумкин бўлган, фуқароларнинг соғлиғи ёки ҳаётига ва атроф муҳитга зарар етказувчи ёхуд зарар етказиши мумкин бўлган, шунингдек, хавфсизлик воситаларига эътиборсизлик туйғусини уйғотувчи ҳаракатларга даъват қилиш тақиқланади.
Қонуннинг 13-моддаси асосан ноаниқлиги, икки хил маънони англатиши, бўрттириб юбориши, яшириб кетиши оқибатида, рекламани тарқатиш вақти, жойи ва усулига нисбатан қўйилган талабларни ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа талабларни бузиши натижасида рекламадан фойдаланувчиларни чалғитувчи ёки чалғитиши мумкин бўлган, шахсларга, шунингдек давлатга зарар ва маънавий зарар етказиши мумкин бўлган реклама нотўғри (инсофсиз, билатуриб ёлғон) реклама ҳисобланади ҳамда нотўғри реклама тақиқланади.
интернет тармоғида “UZBAT A.O.” АЖ ҚКга тегишли www.golyft.uz расмий веб-сайтида “LYFT” савдо белгиси остида маҳсулот таркиби скандинавиялик қарағай ва эвкалиптнинг ўсимлик толалари, никотин экстракти сув ва ароматизаторлардан ўсимлик (органик) моддаларидан таркиб топган деб кўрсатиб ўтилган бўлсада, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Илғор технологиялар маркази ва “Ўзбекэкспертиза” АЖнинг экспертиза хулосасида “LYFT” савдо белгиси остида ишлаб чиқарилган маҳсулот таркибида никотин, ментол, целлюлоза ва ароматизаторлари мавжудлиги, тамаки ва бошқа келиб чиқиши ўсимлик (органик) туркумига мансуб моддалар мавжуд эмаслиги қайд этилган. Яъни, рекламада товарнинг таркиби тўғрисида нотўғри маълумот берилган.
Бугунги кунда, реклама тарқатувчи “ЯТТ Абдуллаев Асаджон Алишер ўғли” иши Яккасарой тумани маъмурий суди томонидан кўриб чиқилди ва айбдорга нисбатан 1 млн. 115 минг сўм миқдорида жарима тўлаш тўғрисида суднинг қарори қабул қилинди.
“UZBAT A.O.” АЖ ҚК мансабдор шахсига нисбатан жарима қўллаш бўйича маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш судда кўриб чиқилмоқда.
Шарҳлар