Наманган вилоятида икки эркакни дўппослаган қизга нисбатан жиноий иш қўзғатилди

Наманган вилоятида икки эркакни дўппослаган қизга нисбатан жиноий иш қўзғатилди

Наманган вилоятида 23 ёшли қиз иккита эркакни дўппослаганликда айбланмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментининг матбуот хизмати хабар беради.

«2020 йилнинг 25 июнь куни соат 17:30 да 23 ёшли Г.А. жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, жамоат жойи ҳисобланган Норин тумани Зарбдор МФЙ ҳудудидан ўтган автомобиль йўлида 33 ёшли У.А., ни ҳеч бир сабабсиз қасддан қўллари билан уриб, оёқлари билан тепиб, дўппослаб тан жароҳати етказган», — дейилади хабарда.

Кейин қиз ўзининг жиноий ҳатти-ҳаракатлари давом эттириб, безорилик ҳаракатларини олдини олаётган 30 ёшли А.Н., га фаол қаршилик кўрсатиб, унинг юз қисмига қўллари билан қасддан бир неча маротаба урган.

«Эркаклар таксида кетаётиб, йўлда қизни кўриб қолишган ва унга қарашган. Қиз бунга жавобан ўрта бармоғини кўрсатган ва уларни сўккан, бунга жавобан эркаклар ҳам қўпол сўзларни айтган. Кейин улар машинада кетган. Қиз ҳам таксига ўтириб уларни орқасидан қувган. Етиб олганидан сўнг, уларни дўппослаган», — дея изоҳ беради идора Газета.uz нашрига.

Мазкур ҳолат юзасидан Норин тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Г.А., га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “г” банди (жамоат тартибини сақлаш вазифасини бажариб турган ҳокимият вакили ёки жамоатчилик вакилига ёхуд безорилик ҳаракатларининг олдини олиш чорасини кўрган бошқа фуқароларга қаршилик кўрсатиб содир этилган безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.