Наманганда фуқаро автомобиль ўриндиғи остида олтин олиб ўтишга уринди

Наманганда фуқаро автомобиль ўриндиғи остида олтин олиб ўтишга уринди

Наманганда автомобиль ўриндиғининг остида қарийб 200 млн сўмлик олтинни яширган фуқаро қўлга олинди. Бу ҳақда «Дарё» Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармасига таянган ҳолда хабар беради.
 
Тўрақўрғон—Наманган йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келаётган Lacetti русумли автомашина тўхтатилиб, кўздан кечирилганда машина ўриндиғи тагидаги резина тўшама остида юмалоқ кўринишдаги сариқ рангли металл мавжудлиги, ушбу металл Наманган шаҳрида яшовчи фуқаро Аброр Нишоновга (исм-шарифлар шартли) тегишли эканлиги аниқланди. Текшириш давомида ушбу рангли металл аслида қуйма олтин эканлиги, у Самарқанд вилоятида яшовчи Охунжон исмли шахсдан 140 миллион сўмга сотиб олингани маълум бўлди. Қуйма олтиннинг умумий қиймати 191 миллион 785 минг сўмни ташкил қилди.
 
Мазкур ҳолат юзасидан ЎзР Жиноят кодексининг 177-моддаси 4-қисм «а» бандида назарда тутилган жиноят аломатлари бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.