Наманганда СЭОМ ходими 40 миллион сўм пора билан қўлга тушди
Наманганда вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази иқтисодчиси 40 миллион сўм пора билан қўлга тушди. Бу ҳақда «Дарё» нашри Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг вилоят бошқармасига таянган ҳолда хабар қилади.
Чортоқ туманида жойлашган МЧЖлардан бирининг раҳбари 2020 йил 18 июнь куни ариза билан мурожаат қилиб, вилоят СЭОМ ходими Ю.Ш. исмли шахс 7000 дона ҳимоя кийимини сотиб олиш учун тузилган шартнома бўйича 6100 дона кийимни қабул қилиб олиб, 175 миллион сўмни МЧЖ ҳисоб-рақамига ўтказиб бериш эвазига 15 миллион сўм, шартнома бўйича кам топширилган, омборга кирим қилинмаган 900 дона ҳимоя кийими ўрнига эса 25 миллион сўм, жами 40 миллион сўм пора талаб қилаётганлигини билдирган.
МЧЖ раҳбари аризасида келтириб ўтилган важларни текшириш мақсадида ДХХ вилоят бошқармаси ходимлари департамент вакиллари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказди. Тадбир давомида Чортоқ тумани марказида жойлашган дорихона олдида шу туманда яшовчи Ё.А. кимёвий ишлов берилган 40 миллион сўмни олган вақтида ушланди.
У ўз кўрсатмасида қўшниси ушбу пулларни олиб қўйишни, кейинчалик ўзига беришини тайинлаганлигини билдирди. Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилиб, Наманган шаҳридаги Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят филиали дарвозаси олдида вилоят СЭОМ иқтисодчиси бўлиб ишловчи Ю.Ш. қўшниси Ё.А.дан 40 миллион сўмни олаётган вақтида ушланиб, ушбу пуллар ашёвий далил тариқасида расмийлаштирилди.
Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шарҳлар