Наманганда шифокорни уриб, кўзини кўр қилган шахс 6 йилга озодликдан маҳрум этилди
Наманганда шифокорни уриб, кўзини кўр қилган шахсга нисбатан суд ҳукми чиқарилди. Бу ҳақда «Дарё» Жиноят ишлари бўйича Норин тумани суди раиси Жасурбек Қурбоновга таянган ҳолда хабар беради.
Ҳодиса 2020 йил 2 январда содир бўлган. Шу куни Учқўрғон туман шошилинч тиббий ёрдам бўлими болалар бўлимига амбулатор мурожаат қилган беморга зудлик билан ёрдам кўрсатилган. Бемор боланинг тоғаси, «Фаровон» маҳалласида яшовчи, 1990 йилда туғилган Ботир Турсунов (исм-шарифлар шартли) муолажа хонаси олдида жанжал кўтариб турган пайтда туман шошилинч тиббий ёрдам бўлими болалар бўлими навбатчи жарроҳи, 1960 йилда туғилган Олим Йўлдошев унинг олдига борган.
У Турсуновнинг қўлидан етаклаб, тинчлантиришга ҳаракат қилиб, зина олдидаги эшикка олиб борган ва ташқарига чиқариб, эшикни ёпган. Врач орқага қайтаётган пайтда Турсунов эшикни тепиб, бузиб ичкарига кирган ва навбатчи жарроҳнинг ўнг кўзи соҳасига қўққисдан кучли зарба берган. Оқибатда шифокорнинг кўзи қайта тикланмайдиган даражада кўриш қобилиятини йўқотган.
«Ҳозирда 3-гуруҳ ногирони бўлиб қолдим. Нафақага чиқишимга атиги уч ой қолганди. Бир неча марта шифохонада ётиб даволандим, Тошкентда Ҳиндистондан шифокорлар келиб, кўзимда жарроҳлик амалиётини амалга оширишди, лекин фойдаси бўлмади», — дейди жабрдийда.
У Б.Турсуновга нисбатан қонуний жазо берилиши, етказилган моддий ва маънавий зарарлар ундириб берилишини сўради.
Судланувчи Ботир Турсуновга нисбатан Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми «б,э» бандлари (Ўз хизмат бурчини бажараётган шахсга нисбатан безорилик оқибатида қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Ундан жабрланувчи фойдасига моддий зарар тариқасида 3,5 миллион сўм, маънавий зарар тариқасида 7 миллион сўм, жами 10,5 миллион сўм ундирилиши белгиланди.
Бош саҳифадаги фотосурат: Daryo
Шарҳлар