Нега амалдорлар президент билан учрашувда блокнотга ёзади – бош вазир ўринбосарининг жавоби
Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов Amerika Ovozi (VoA)га берган интервьюсида президент билан учрашувда давлат хизматчиларининг блокнотларга қайдлар ёзиб бориш одатига изоҳ берди, деб ёзади “Газета” нашри.
Унинг сўзларига кўра, бу мамлакатда шаклланган сиёсий маданият билан боғлиқ. «Ҳар битта давлатда, ҳар битта жамиятда ўзига яраша сиёсий маданият бор. Масалан, шу саволни қўяётган одамларимиз нима учун айрим бошқа давлатлардаги бизга жуда бир ғалати туюлиши мумкин бўлган ҳолатларни муҳокама қилмайди? Масалан, айрим Шарқий Осиёнинг демократик давлатларида бир-бирига энгашишлар [учрашувда] ва ҳ.к. Жуда кўп мисол келтиришим мумкин. Бу бизда шаклланган сиёсий маданият», — дейди Сардор Умурзоқов.
Бош вазир ўринбосари кун давомида ҳукумат аъзоси сифатида давлат раҳбаридан «ҳисоблаш осон бўлмаган» топшириқларни қабул қилишини таъкидлайди.
«Бу 1−2 та топшириқ эмас. Мисол, менга топшириқ берилганда ёзаётганимнинг сабаби эслаб қолиш учун, кейин эса уларни тизимлаштираман. Шахсан ўзим йиғилишларда қатнашганимда бўлаётган мавзудан келиб чиқиб, мен ўзимни ишимга тааллуқли бўлган жойларини ёзиб, хулоса қилиб, менга сўз берилса, қандай қилиб, асосий масалаларни кўтаришим кераклигини ўзим учун белгилаб оламан», — қайд этади у.
«Сиёсий маданият бизда шаклланиб бўлди. Нима омиллар таъсирида — бу иккинчи масала. Лекин бу шаклланган сиёсий маданият ва биз уни ҳурмат қилишимиз керак», — таъкидлайди бош вазир ўринбосари.
Бош саҳифадаги фотосурат: президент матбуот хизмати
Шарҳлар