ОАВ: Бу йил ёзда Ўзбекистон президенти Тожикистонга тўртинчи марта ташриф буюради
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг таклифига биноан 10-12 июнь кунлари расмий ташриф билан Душанбеда бўлади. Бу ҳақда «Азия-Плюс» нашри Тожикистон ҳукуматидаги манбага таянган ҳолда хабар беради.
Икки давлат раҳбарлари барча соҳаларда Тожикистон-Ўзбекистон муносабатларининг истиқболларини муҳокама қилишни режалаштирган. Шунингдек аввал эришилган келишувларнинг бажарилиш жараёни ҳам таҳлил қилинади.
Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга ташрифи якунлари бўйича транспорт, энергетика, савдо, молия, аграр сектор, маданият ва илм-фан соҳаларида Душанбе ва Тошкент ўртасида янги келишувлар пакети имзоланиши кўзда тутилган.
Душанбега ташриф доирасида икки давлат санъат усталарининг ҳамкорликдаги концерти – «Шоми дусти» (Дўстлик кечаси) бўлиб ўтади.
Бундан олдин Шавкат Мирзиёев Тожикистонга 2018 йил март ойида, кейин 2018 йил сентябрь ойи охирида (МДҲ давлатлари раҳбарлари кенгашининг Душанбе йиғилишида қатнашган), сўнгра эса 2019 йил 14 июнда (Осиёда ўзаро алоқалар ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг бешинчи саммитида қатнашган) давлат ташрифини амалга оширганди.
Фотосурат: Тожикистон президентининг матбуот хизмати
Шарҳлар