Олий судда инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриб чиқиш бўйича судлов таркиби ташкил қилинади

Олий судда инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриб чиқиш бўйича судлов таркиби ташкил қилинади

Олий суд тузилмасида инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш бўйича судлов таркиби ташкил этилади. Бу ҳақда Президент фармонида сўз боради. Судлов таркибига инвестиция киритилган санада йигирма миллион АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда инвестицияни амалга оширган жисмоний ёки юридик шахслар ва давлат органлари ўртасида юзага келадиган инвестициявий низолар ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш ваколати берилди.

Инвестициявий низолар бўйича йирик инвесторларнинг, рақобатга оид ишлар бўйича тарафларнинг хоҳишига кўра, ушбу тоифадаги ишлар бевосита Судлов таркиби томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилиши мумкин. Қолган инвестициявий низолар инвесторларнинг хоҳишига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар суди томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилиши мумкин.

Суд ишларини назорат тартибида кўриш институти тугатилади, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарларининг суднинг ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари ҳамда қарорлари устидан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқи бекор қилинади.

Жиноят ишларини судда кўриш учун тайинлаш босқичида иш юзасидан қарорларни тортишув тамойилига риоя этган ҳолда тарафлар иштирокида қабул қилиш тартибини белгилаш, жиноят ишининг умумий тартибда кўриб чиқилишига тўсқинлик қилувчи омилларни тезкорлик билан аниқлаш ва бартараф этиш имконини берувчи дастлабки эшитув босқичи киритилади.

Бундан ташқари, туманлараро, туман (шаҳар) судларининг қарорлари вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан, вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорлари эса Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида қайта кўриб чиқилади.

Апелляция тартибида кўриб чиқилган суд қарорлари Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқилади. Ўзбекистон Республикаси Олий суди судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорлари Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарлари протестига кўра кассация тартибида такроран кўриб чиқилади.

Прокурор томонидан суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ҳал қилув қарори, ажрими ёки қарори бўйича ишлар, ушбу ишлар юзасидан тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина, суддан чақириб олиб ўрганилади.

Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилади.
 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.