Олмалиқда бир гуруҳ ишчи аёллар ишдан бўшатилиш эҳтимоли сабабли компания дарвозаси олдида тўпланди
Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳрида жойлашган «Аммофос-Максам» акциядорлик жамиятида кўп йиллардан буён ишлаб келган аёллар сабабсиз ишдан бўшатилаётгани, корхона дарвозаси олдида бир гуруҳ аёллар тўпланиб тургани акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалди. «Аммофос-Максам» видеода ишчиларнинг ҳеч бири билан меҳнат муносабатлари тўхтатилмаганини маълум қилди. Ҳолат Халқ депутатлари Олмалиқ шаҳар кенгаши депутатлари ҳамда ХДП шаҳар кенгаши раисидан иборат ишчи гуруҳ томонидан ҳам ўрганилди, деб ёзади “Дарё” нашри.
Аниқланишича, «Аммофос-Максам» АЖ билан жами 99 нафар ходим касаначи сифатида шартнома тузиб, ишлаб келган. Улар корхонага қарашли бўлган ошхона учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириб берган. 2021 йил 1 мартдан ошхоналар аутсорсинг шартлари асосида мазкур фаолият билан шуғулланувчи компанияга берилган. Ғолиб компания эса зарур бўлган маҳсулотларни узоқ муддатли шартномалар асосида ўз етказиб берувчиларидан сотиб олишни афзал кўрган.
Натижада жами 99 нафар касаначини иш ўринларини қисқартиришга тўғри келган. Улардан 47 нафари Олмалиқ шаҳрида доимий рўйхатдан ўтган. Корхонанинг ходимлар бошқармаси бошлиғи Барно Мирсаидова берган ахборотга кўра, 99 нафар касаначидан 28 нафар аёллар туғруқ таътилида бўлганлиги сабабли бу қисқартиришга учрамаслиги таъкидланди. Қолган 71 нафар касаначи қисқартириш бўйича меҳнат қонунчилигига асосан, расмий огоҳлантирилган бўлиб, улардан 12 нафари огоҳлантириш хатларига ўз розилиги билан имзо чеккан. Қолган 59 нафар касаначи корхона томонидан қисқартирилиш ҳолатига розилик билдирмаган.
«Аммофос-Максам» АЖнинг бошқарув раиси ўринбосари Жўра Юсуповнинг таъкидлашича, ҳозирги ҳолатга кўра, юқорида қайд этилган барча касаначилар «Аммофос-Максам»дан ҳали ишдан бўшатилмаган. Улар билан тузилган меҳнат шартномаси ўз кучида. Берилган огоҳлантириш даврида Меҳнат кодексида белгиланган тартибда ўртача ойлик иш ҳақи ва бошқа имтиёзлар сақланиб қолинган.
Корхона раҳбарияти томонидан иш ўринлари қисқартирилаётган касаначиларга тушунтириш ишлари олиб борилганлиги таъкидланди. Корхона етакчи юрист-консултанти Улуғбек Эргашев ва касаба уюшмаси раиси Нодир Тоғаевларнинг таъкидлашича, ходимларнинг қисқартирилиши билан боғлиқ барча жараёнлар белгиланган қонун доирасида амалга оширилмоқда.
«Депутатлар томонидан билдирилган фикрларга кўра, хўжалик юритувчи субъект сифатида корхона ўз иқтисодий манфаатларини, энг аввало иқтисодий фойдани кўзлаши табиий. Шундай бўлса-да бизнингча, корхона қисқартиришга тушган касаначиларнинг мутахассислиги ва имкониятларини чуқур таҳлил қилган ҳолда корхонанинг яқин келажакдаги ишчиларга бўлган эҳтиёжини прогноз қилиши ва имкон қадар мана шу касаначиларни бошқа доимий ишга қабул қилиш масаласини кўриб чиқиши керак», – дейилади ХДП депутатлик гуруҳида.
Шунингдек, 11 июнь куни Олмалиқ шаҳар ҳокимлигида шаҳар ҳокими, халқ депутатлари Олмалиқ шаҳар кенгаши раҳбари, депутатлар, сектор раҳбарлари, «Аммафос-Максам» АЖ мутасаддилари, ҳуқуқшунослар ва бошқа масъуллар ҳамда қисқартиришга тушган касаначилар иштирокида мулоқот ташкил этилган. Йиғилишда ҳар бир аёлнинг мурожаатлари тингланиб, «Аммофос-Максам» масъуллари ҳам ҳолат юзасидан тушунтириш бериб ўтган.
Шарҳлар