Олти ёшли болалар боғчада мактабга тайёрланади
Энди болалар мактабга олдиндан тайёрланади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг “Болаларни бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёрлаш тизимини янада ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида сўз боради, деб ёзади Norma.uz.
2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида болаларни бошланғич таълимга мажбурий бир йиллик тайёрлаш тизими жорий этилмоқда.
Хусусан, тайёрлов гуруҳлари учун ўқув йили:
– 2019/2020 ўқув йилида 2020 йилнинг 10 мартидан бошланиб, 20 августда якунланади;
– 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб эса, шу йилнинг 2 сентябридан бошланиб келаси йил 25 майда якунланади.
Ушбу муассасаларда ўқиган болаларга бошланғич таълим бўйича бир йиллик тайёргарликдан ўтгани ҳақида давлат намунасидаги сертификат берилади.
Болалар боғчаларида тайёрлов гуруҳлари ташкил қилинади. Улар мавжуд бўлмаганида ёки шароитлар мавжуд бўлмаганида – бошқа мос келадиган биноларда ташкил қилинади. Болалар гуруҳларда 3-4 соат ўқийди, ўқув жараёни эса бир ёки икки сменада ташкил қилинади. Бир гуруҳда ўқийдиган болалар сони 30 кишидан ошмаслиги керак.
Шарҳлар