Олтинсой туманида 900 киши сув тошқини сабабли эвакуация қилинди
Жала ёмғирлари натижасида 2020 йил 13 май куни соат 21:00 да Сурхондарё вилоятининг Олтинсой тумани ҳудуди орқали оқиб ўтадиган Олтинсой дарёсидаги сув ҳажми сезиларли даражада кўтарилган. Сув тошқини натижасида ушбу ҳудудда истиқомат қилувчи 900 нафар киши вақтинчалик хавфсиз ҳудудга (яқин қариндошларининг уйларига) фавқулодда вазиятлар бўйича ҳудудий агентлик ва Огоҳлантиришлар ва фавқулодда вазиятларда ҳаракатлар давлат тизими (ОФВҲТ) ёрдамида эвакуация қилинган.
Бундан ташқари, худди шу куни Бойсун тоғ тизмасидаги ёмғирлар натижасида Ойбарак дарёсининг сувлари Бойсун туманидаги Пасурхи маҳалласини босган.
Шунингдек, Авлод ва Сариосиё қишлоқларини боғлаб турувчи кўприк ҳам Ҳунармандлар маҳалласи орқали оқиб ўтадиган Авлод дарёси тошиши оқибатида сув остида қолган.
Айни пайтда вазият вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармасининг тўлиқ назорати остида. Ушбу бошқарма ва ОФВҲТ 150 дан ортиқ қутқарувчиси сув тошқини оқибатларини бартараф этиш устида ишламоқда.
Жабрланганлар ёки ҳалок бўлганлар ҳақида хабар йўқ.
Шарҳлар