Оққўрғон туманида вакциналар омбори ва ПЗР-лаборатория очилди
ЮНИСЕФ кўмагида Оққўрғон туманида ҳажми уч минг литрга яқин вакциналар омбори ва COVID-19 диагностикаси учун ПЗР-лабораторияси очилди. Замонавий ускуналар билан жиҳозланган янги объектлар эмлаш бўйича хизматлар сифатини яхшилаш ва COVID-19 га қарши курашиш самарадорлигини ошириш имконини беради.
Вакциналар омбори Оққўрғон туман санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоатчилик соғлиғи хизмати ҳудудида жойлашди. У мутахассислар “совуқ занжир” деб атайдиган тизим билан жиҳозланган. Унинг вазифаси тиббий препаратларни сақлаш ва уларни омбордан эмланадиган кишигача транспортировка қилиш учун зарур шароитларни таъминлашдан иборат. Совуқ занжир ускунасининг таркибига совутиш хоналари, ҳароратни Цельсий бўйича +2…+8 даража доирасида назорат қилувчи қурилмалар, вакциналар учун махсус совутгичлар ва контейнерлар, генераторлар киради. Шунингдек ЮНИСЕФ ходимлар учун ҳимоя кийим-кечакларини ҳам тақдим этади.
Вакциналар омборида уч минг литрга яқин вакцина сақланиши мумкин. Ушбу ҳажм бир ёшгача бўлган тўққиз мингта болани эмлашга мўлжалланган. Болалар фондининг мутахассислари янги объектнинг зарур сиғими ҳисобини 2025 йилгача туғиладиган бир ёшгача бўлган болалар сонини ҳисобга олган ҳолда амалга оширган. Шундай қилиб, ҳозирги ҳажм туман аҳолиси сонидан уч баравар кўп бўлиб, ҳар бир вакцина учун буфер захирасининг 25% ни ўз ичига олади. Бу Оққўрғон тумани яқинидаги ҳудудлар ҳам вакциналардан тез фойдаланишга ва транспортировка қилишга умид қилиши мумкин.
«Совуқ занжирнинг самарали инфратузилмавий тармоғи бизнинг ҳар бир бола учун вакциналардан тенг фойдаланиш ва эмлашни таъминлашга бўлган интилишимизнинг калити ҳисобланади, чунки бу ишлаб чиқарувчидан ҳар бир бола томон йўлда вакциналарнинг хавфсизлигини сақлаш имконини беради», — дейди Жоффри Ижумба, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари. – «Мен ҳукумат тақдим этилган ускунага мунтазам асосда тегишли хизмат кўрсатиш учун зарур молиявий ва инсон ресурсларини ажратишига ва ускуналар узоқ вақт давомида хизмат қилишига ишонаман».
Қайд этиб ўтамиз, ЮНИСЕФ 2017 йилдан буён бутун республика ҳудуди бўйлаб 21 та вакцина омбори қурилишини қўллаб-қувватлади. Айни пайтда 16 та омбор фаолият кўрсатмоқда, яна бештаси шу йил фойдаланишга топширилади. 2021 йил режаларидан миллий иммунизация дастури учун рефрижератор-юк машиналари ва минивэнларни тақсимлаш, совуқ занжир объектларидан фойдаланиш бўйича зарур қўлланмалар ва йўриқномаларни тақдим этиш ҳамда ходимларни ўқитиш ўрин олган.
ЮНИСЕФ ташкилоти ЖССТ ва ВИГА (Вакциналар ва иммунизация бўйича глобал альянс) билан ҳамкорликда Ўзбекистон ҳукуматини COVID-19 га қарши курашда қўллаб-қувватлайди. Хусусан, умумий саъй-ҳаракатлар билан янги коронавирус инфекциясига қарши вакцинани жорий этиш режаси ишлаб чиқилмоқда.
Гуманитар ёрдам ва фуқаролар ҳимояси бўйича Еврокомиссиянинг молиявий кўмагида ЮНИСЕФ Ўзбекистонда мамлакат аҳолисининг COVID-19 олдидаги заифлигини камайтиришга қаратилган умуммиллий лойиҳани амалга оширмоқда. Лойиҳани амалга оширишга Еврокомиссия 110 000 евро миқдорида маблағ ажратган.
Оққўрғон туман санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоатчилик соғлиғи хизмати ЮНИСЕФдан ПЗР-лаборатория учун замонавий ускуна ҳам олди.
“Ҳар куни вилоят хизматига боришга, янги олинган намуналарни таҳлилга олиб боришга ва натижаларни қайтариб олишгаа тўғри келарди… Энди булар ўтмишда – янги ускуна ва COVID-19 га тест тизимлари шу ернинг ўзида зарур тадқиқотларни олиб бориш имконини беради”, – дейди лаборатория мудираси Нигора Шодмонова.
Яқин кунларда Оққўрғон хизмати ходимлари ЮНИСЕФ кўмагида янги ускуна билан ишлашни ўрганади, шунингдек COVID-19 нинг ПЗР-диагностикасига бағишланган уч кунлик тренингда қатнашади.
Болалар фондининг режаларида – бутун Ўзбекистон бўйлаб тиббиёт ходимларининг COVID-19 масалалари бўйича малакасини оширишни давом эттириш. ЮНИСЕФ мутахассислари иккита бепул курсни ишлаб чиққан бўлиб, улар Ўзбекистон ССВда тасдиқланди. Биринчи курс турли профилдаги шифокорлар учун даволаш-профилактика муассасаларида янги коронавирус инфекциясининг олдини олишга бағишланган. Иккинчиси эса уй шароитларида COVID-19 профилактикаси бўйича долзарблаштирилган қўлланмадан иборат. У касалликни енгил шаклда ўтказаётган ва уйда даволанаётган кишиларга ҳамда беморлар парвариши билан шуғулланадиган кишиларга фойдали бўлади.
Иккала курс ҳам ТошПТИ ва ТошМИ тренинглар онлайн-платформасида очиқ экани қайд этилади.
Шарҳлар