Оренбург вилоятида 500 га яқин Ўзбекистон фуқароси Қозоғистон чегарасига етиб келган
11 майдан бошлаб Оренбург областининг Қозоғистон билан чегарасида жойлашган “Маштаково” назорат ўтказиш пунктига юзлаб ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари келишда давом этмоқда. Бу ҳақда ozodlik.org портали хабар беради.
Муҳожирлар Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳукуматларидан Қозоғистон орқали Ўзбекистонга транзит йўл очишни сўрашмоқда. Бироқ Қозоғистон ҳукумати қўшни мамлакатларда коронавирус билан боғлиқ эпидемиологик вазият яхшиланмагунга қадар чегарани очишдан бош тортмоқда.
Ўзбекистон фуқароларининг айтишича, улар 11 май куни Қозоғистон Россия билан чегарани очишига умид қилган ҳолда бу ерга келишган. Бироқ чегара очилмаган ва энди 400-500 га яқин киши чегара очилишини кутмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 7 май куни Қозоғистон ҳукумати 500 дан ортиқ қирғизистонлик меҳнат муҳожири учун республика ҳудуди бўйлаб бир марталик транзит коридорини тақдим этишга рози бўлганди. Қозоғистон томоннинг шартига кўра, Қирғизистон фуқароларини олиб чиқиш тиббий ходимлар ҳамроҳлигида ва фақат махсус автобусларда амалга оширилган.
Ўзбекистонликлар Россия-Қозоғистон чегарасида жойлашган бошқа назорат-ўтказиш пунктларида ҳам тўплана бошлаган. Кўпчилик Россия-Қозоғистон чегараси очилишини узоқ вақт кутганидан кейин Оренбург яқинида жойлашган шаҳарлардан ижарага вақтинчалик тураржой топишга мажбур бўлган.
Шарҳлар