Отабек Умаров Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти лавозимига номзод сифатида кўрсатилади
2025 йил Тошкент илк бор йирик комплекс мусобақа — IV ёшлар Осиё ўйинларига мезбонлик қилади. Шу муносабат билан Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Отабек Умаров номзодини Осиё Олимпия Кенгаши (ООК) вице-президентлигига илгари сурмоқчи. Бу ҳақда Газета.uz нашри МОҚ матбуот хизматига таянган ҳолда хабар беради.
«ООК вице-президентлигига кўрсатилаётган номзод айни пайтда энг муносиб вакил деб айтишим мумкин. Бу инсон спортни ғоятда севади ва ўзи ҳам спорт билан мунтазам шуғулланади. Фаолияти давомида мамлакатда бир қатор спорт турларини ривожлантиришда, Олимпия ҳаракатини тарғиб қилишда ташаббус кўрсатган. Тошкент-2025 ёшлар Осиё ўйинлари бўйича шартнома имзолангач, бу бўйича алоҳида дирекция ва Республика ишчи гуруҳи тузилади. Бўлажак мусобақага тайёргарлик кўришда транспорт логистикасидан тортиб бошқа соҳалардаги инфратузилмалар, жумладан мусобақақаларни қабул қиладиган спорт мажмуалари, меҳмонхоналар, ахборот коммуникацияси масалаларига алоҳида эътибор қаратилади. Бу борада ҳукумат ёрдамига муҳтожмиз. Олдимизда катта вазифа турибди. Буни фақат биргаликда амалга оширишимиз мумкин», — дейди МОҚ президенти Рустам Шаабдурахмонов.
Юқорида қайд этилганидай, 2025 йили Тошкент IV ёшлар Осиё ўйинларига мезбонлик қилади. Шу муносабат билан Ўзбекистон вице-президентликка номзод кўрсатиш ҳуқуқига эга.
16 декабрда Ўмоннинг Маскат шаҳрида Осиё Олимпия Кенгашининг навбатдаги Бош ассамблеяси бўлиб ўтади. Унда икката масала — ООК вице-президентлигига номзод сайланади ва 2025 йилги IV ёшлар Осиё ўйинлари мезбон мамлакати билан шартнома имзолаш маросими бўлиб ўтади.
Шарҳлар