Пойтахтлик амалдор 35 минг доллар пора олаётганда қўлга тушди
Тошкентдаги туман ҳокимликларидан бирида ишлайдиган мансабдор шахс Навоий вилоятида рўйхатга олинган МЧЖ раҳбарига шаҳар ҳокимлигининг тегишли қарорини чиқариш билан Тошкентда 16 сотих ер расмийлаштиришни ваъда қилган. Амалдор ундан 352 минг доллар пора талаб қилган. ДХХ ва Бош прокуратура ҳузуридаги департамент амалдорни 35 минг доллар олаётган пайтида қўлга туширди. Бу ҳақда “Ўзбекистон 24” телеканали хабар беради.
Шунингдек Тошкент вилоятдаги туман ҳокимликларидан бирининг ходими маҳаллий фуқародан 15 сотих ер ажратишга кўмаклашгани учун талаб қилган 15 минг доллардан 4,5 минг долларни олаётганида ушланган. Суриштирув ишлари давомида ушбу шахс аввал дастлабки ҳужжатларни расмийлаштирганлиги учун 5,5 минг доллар олгани маълум бўлди.
Ушбу ишлар бўйича Жиноят кодексининг тегишли моддалари асосида жиноят ишлари қўзғатилди, тергов ушбу ишларга алоқадор бўлган бошқа шахсларни аниқлаш бўйича чораларни кўрмоқда, дейилади телеканал лавҳасида.
Шарҳлар