Президент 1 метр квадрат уй қийматини 4 млн сўмгача камайтиришни топширди
Шавкат Мирзиёев вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимларига бир метр квадрат уй-жойнинг қиймати 4 млн сўмдан ошмаслиги учун чоралар кўришни топширди.Президент уй-жой қурилиши ва ипотека бозорини ривожлантириш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилишини ўтказди.
«Энг катта масала – бу уй-жойларнинг нархини адолатли шакллантириш. Бугунги нарх-наводан одамларимиз рози эмас», – дея қайд этади давлат раҳбари.
Жорий йилда 54 минг оилани уй-жой билан таъминлаш мўлжалланмоқда. Жумладан, давлат ипотека дастури доирасида жами 45 мингта уй қурилади.
Фуқароларга якка тартибда уй қуриш ва реконструкция қилиш учун ҳам кредит ажратилиши белгиланди. Бундай кредитлар 20 йилга ажратилади, эҳтиёжманд аҳоли учун фоизнинг бир қисми субсидия сифатида тўлаб берилади. Молия вазирлигига ушбу йўналиш учун 1,5 триллион сўм ресурс ажратиш, вилоят ҳокимларига қайси туманда қанча оилага кўмак бериш масаласини ҳал этиш вазифаси қўйилди.
Мутасаддиларга бу борадаги тартибни ишлаб чиқиш ва энг муҳтож оилалар руйхатини шакллантириш бўйича топшириқ берилди.
«Энг муҳим масала, берилаётган имтиёзларни ҳалол-пок қўллаш бўйича адолатли тизим яратиш, бу борада одамларимизнинг хабардорлигини ошириш зарур».
Шу мақсадда маҳаллий кенгаш депутатлари, жамоат фаоллари иштирокида “халқпарвар комиссия” ташкил этиш таклифи билдирилди. Улар қурувчига ернинг адолатли ажратилиши, имтиёзга мос эҳтиёжманд оилалар рўйхатининг шаклланиши ва қурилишлар сифати устидан жамоатчилик назоратини ўрнатади. Янги тизим асосида, соҳада яратилаётган имкониятлар маҳаллаларда кенг аҳолига етказилади.
Молия вазирлигига 1 июнга қадар субсидия тўланадиган фуқароларни ижтимоий мезонлар асосида танлаш ва субсидия тўлаш жараёнларини автоматлаштириш вазифаси юклатилди. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига 1 майгача кредит бериш ва субсидия олиш тартиблари, уй-жойлар ҳамда қурувчилар ҳақидаги маълумотларни қамраб олувчи ипотека веб-порталини ишга тушириш бўйича топшириқ берилди.
Шарҳлар