Президент аудиторлик фаолияти тўғрисидаги қонунни имзолади

26 февраль куни Ўзбекистон президенти “Аудиторлик фаолияти тўғрисида”ги қонунни имзолади. Қонун билан Молия вазирлиги аудиторлик фаолияти соҳасидаги ваколатли орган сифатида белгиланди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг матбуот хизмати хабар беради.
 
Ҳужжатга кўра, аудитор сифатида малака сертификатига эга бўлган шахслар фаолият юритиши мумкин. Сертификат олиш учун талабгор олий маълумотли ва охирги 10 йилдан 3 йил бухгалтерия ва аудит соҳасида ёки ОТМда ишлаган бўлиши керак.
 
Аудиторлик сертификати Молия вазирлиги томонидан берилади.
 
Молия вазирлиги сайтида аудиторлик фаолиятига оид маълумотлар, аудиторлик фаолиятининг стандартлари жойлаштирилиши лозим. Аудитор ўзи ишлайдиган фақат битта ташкилот муассиси бўлиши мумкин.
 
Банклар ва бошқа кредит ташкилотларида аудиторлик текшируви ўтказилишида Марказий банк масъул орган ҳисобланади.
 
Аудиторлар жамоат бирлашмалари уларнинг малака имтиҳонларини ўтказишда ва тест синовларини тузишда иштирок этиш ҳуқуқига эга. Аудиторлик фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди.
 
Қонун расмий эълон қилинганидан 3 ой ўтгач кучга киради.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.