Президент бола ҳуқуқлари бўйича омбудсманнинг вазифалари ҳақида қарор имзолади

Президент бола ҳуқуқлари бўйича омбудсманнинг вазифалари ҳақида қарор имзолади

“Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Президент қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг матбуот хизмати хабар беради.

Қарор билан, Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари белгилаб берилди.

Вакил дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланади ва у Олий Мажлис палаталарининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас. Вакилга нисбатан жиноят иши фақат Бош прокурор томонидан қўзғатилиши мумкин.

Вакил БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини бажариш стратегиясини ва бола ҳуқуқлари масалалари бўйича бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади. Вакил ўз ваколатларини мустақил ҳамда давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларига тобе бўлмаган тарзда бажаради.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Вакилнинг фаолиятини мувофиқлаштириб боради.

Вакил ҳар йили 15 февралдан кечиктирмай Олий Мажлис палаталарига боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан риоя қилиниши ҳолати ҳақида маъруза тақдим этади.
 
Вакил Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ўзининг жамоатчилик асосида фаолият юритувчи минтақавий вакилларига эга бўлади. Бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш масалалари бўйича қонун ҳужжатлари лойиҳалари мажбурий тартибда Вакил билан келишилади. Қарор билан Вакил ҳузурида Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича жамоатчилик кенгаши ташкил этилди ҳамда унинг асосий вазифалари белгиланди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.