Президент Бўстонлиқ туманига раҳбарлик қилишни Азиз Абдуҳакимовнинг зиммасига юклади
Давлат раҳбари ҳудудни тўлиқ туристик зона сифатида ривожлантириш ва режадаги лойиҳаларни муваффақиятли амалга ошириш мақсадида бош вазир ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисига параллел равишда, янги тажриба тариқасида Бўстонлиқ туманига раҳбарлик вазифасини бажаришни юклатиш таклиф қилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар беради.
Шавкат Мирзиёев 14 август куни туризм салоҳиятини кенгайтиришга доир лойиҳалар тақдимоти билан танишди. “Билдирсой-Чимён-Нанай” халқаро курортини ташкил этиш лойиҳаси улардан бири. Унинг концепцияси ва иқтисодий модели Франция компаниялари консорциуми томонидан FASEP фондининг 750 минг евро миқдоридаги грант маблағлари ҳисобига ишлаб чиқилган. Лойиҳанинг умумий қиймати 480 миллион доллар. Шундан 280 миллион долларини тўғридан-тўғри инвестициялар ташкил этади.
Лойиҳа 3 босқичдан иборат бўлиб, биринчи босқичда Чимён ҳудудида умуммавсумий курорт ташкил этиш кўзда тутилган. Франциянинг 48 миллион евро миқдоридаги имтиёзли кредити эвазига туристик инфратузилмани ривожлантириш, жумладан, осма йўлаклар, чанғи учиш ускуналари ва аттракционлар келтириб ўрнатиш режалаштирилган. Бунинг натижасида тоғ-чанғи туризми оммалашади, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун замонавий шароитлар яратилади, табдиркорлик ривожланади. Лойиҳанинг биринчи босқичини 2021 йил декабрда ишга тушириш режалаштирилган.
Бўстонлиқ тумани, хусусан, Чорвоқ сув омбори атрофидаги қишлоқларда янги дам олиш масканлари қурилади. Бу билан шу ерда яшаётган аҳолини иш билан таъминлаш мақсади ҳам кўзланган. Бўстонлиқ туманида бўш турган ва самарасиз фойдаланилаётган объектларни сотиш орқали улар негизида туризм ва хизмат кўрсатиш инфратузилмасини ривожлантириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, 80 га яқин давлат объектларини хусусийлаштириш режалаштирилган.
Бўстонлиқ туманида солиқ солиш объектларини ҳисобга олишни соддалаштириш мақсадида “orom.uz” мобил иловаси ва ягона электрон платформаси ишлаб чиқилди.
Шарҳлар