Президент Ҳарбий-тиббий академия ташкил қилиниши ҳақидаги қарорни имзолади
Ўзбекистон президенти юридик шахс мақоми билан Тошкент тиббиёт академияси ҳузурида Ҳарбий тиббиёт факультети базасида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Ҳарбий тиббиёт академиясини ташкил қилиш тўғрисидаги қарорни имзолади.
Академияда курсантларнинг мажбурий икки йиллик ўқиши икки босқичли ҳарбий тиббиёт ўқув дастури асосида: биринчи йил – бакалавриатда, иккинчи йил – Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари учун зарур бўлган мутахассисликлар бўйича ҳарбий интернатурада амалга оширилади. Академиянинг бакалавриат босқичини тамомлаган курсантларга дастлабки “тиббий хизмат лейтенанти” ҳарбий унвони ва “ҳарбий врач” мутахассислигини берадиган давлат намунасидаги диплом ҳамда ҳарбий интернатурани тамомлагач, навбатдаги “тиббий хизмат катта лейтенанти” ҳарбий унвони ва тегишли мутахассислик берилганлиги тўғрисида белгиланган намунадаги гувоҳнома берилади.
Академия тузилмасида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Ҳарбий тиббиёт илмий-тадқиқот институти ташкил этилади. Унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:
✅ санитария-эпидемиологик манбаларни, ҳодисаларни, омилларни ва биологик хавфсизлик тўғрисидаги қарашларнинг шаклланишини илмий жиҳатдан ўрганиш, замон талабларига жавоб берувчи, биологик таҳдидларга тезкор жавоб қайтара оладиган самарали тизимни шакллантириш ва ривожлантириш бўйича изланишлар олиб бориш;
✅ аҳоли ва шахсий таркибнинг биологик хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги илмий тадқиқотларни олиб бориш, юзага келиши мумкин бўлган таҳдидларни таҳлил қилиш ва уларга қарши илмий асосланган мажмуавий тадбирларни ишлаб чиқиш, биологик хавфларни назорат қилиш тизимини мувофиқлаштириш;
✅ биологик хавфсизлик соҳасида миллий кадрларни тайёрлаш ва соҳага оид илмий тадқиқотларнинг олиб борилишида ўқув-илмий марказ сифатида фаолият юритиш;
✅ илмий асосланган ишланмаларни яратиш ва амалиётга татбиқ этиш мақсадида қўшинларнинг тиббий таъминотини ташкил этиш тажрибасини ва мавжуд муаммоларни ўрганиш.
Шарҳлар