Президент: ҳокимлар ва секторлар раҳбарлари ҳафтада камида икки кун коронавирусга қарши курашиш билан шуғулланиши керак

Президент: ҳокимлар ва секторлар раҳбарлари ҳафтада камида икки кун коронавирусга қарши курашиш билан шуғулланиши керак

Ҳокимлар, секторлар раҳбарлари ва соғлиқни сақлаш тизими мутасаддиларига қатор вазифалар юклатилди. Аввало, коронавирус билан боғлиқ вазият доимий равишда жиддий таҳлил қилиниши, керакли хулосалар чиқарилиши лозим. Хусусан, ҳафтада камида икки кун ҳудуддаги пандемияга оид ҳолат билан алоҳида шуғулланиб, штаб йиғилиши ўтказилиши, мунтазам равишда Республика махсус комиссиясига шахсан ҳисобот берилиши белгиланди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот  хизмати хабар беради.
 
«Яна бир марта таъкидлайман, бу касаллик бефарқликни асло кечирмайди. Шу билан бирга, биз коронавирус пайтида тўплаган катта тажрибамиз ва олган чуқур хулосаларимиз асосида муносиб яшаш ва ишлашда давом этишимиз керак», – дейди Шавкат Мирзиёев.

Бугунги кунда Ўзбекистон бўйича 89 та муассасада 17 минг 500 ўрин COVID-19 билан касалланганлар учун ажратилган. Ҳозирда ушбу ўринларда 6 минг 570 нафар бемор даволанмоқда. Койкалар бандлиги Қорақалпоғистонда 16 фоиз, Хоразмда 10 фоиз, Қашқадарёда 11 фоиз, Наманганда 19 фоизни, республика бўйича эса 38 фоизни ташкил этяпти. Шу боис улкан маблағлар бекорга сарф бўлаётгани қайд этилди. Шу муносабат билан, мутасаддиларга коронавирусга ихтисослашган шифохоналар фаолиятини чуқур ўрганиб, уларни оптимизация қилиш топшириғи берилди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.