Президент иккита амалдорни ишдан бўшатиши ҳақида огоҳлантирди
Президент Бухорода Халқ депутатлари вилоят кенгашининг йиғилишида қишлоқ хўжалиги жуда орқада қолаётганини таъкидлади. Тизимни тўғри йўлга қўймаса бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев ҳамда қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаевни ишдан бўшатишини айтди, деб ёзади “Газета” нашри Kun.uz нашрига таянган ҳолда.
Давлат раҳбари аввалроқ Бухоро бошқа вилоятлардан 10 йил орқада қолаётганини айтиб, ҳудуд олдидаги устувор вазифаларга тўхталиб ўтган эди. Президент ижтимоий-иқтисодий соҳалар қаторида қишлоқ хўжалигига ҳам эътибор қаратган. Қишлоқ хўжалиги орқада эканлиги ва давлат раҳбарини мутлақо қониқтирмаслиги таъкидланган. Йиғилишда соҳага масъул бўлган мансабдор шахслар огоҳлантирилган.
«Қишлоқ хўжалигимиз жуда орқада. Шахсан мени мутлақо қониқтирмайди. Бухоро қишлоқ хўжалигида сувни икки баробар кўп ишлатяпти. Бу сув қанча меҳнат билан етиб келаётганини биласизларми? Жуда кўп электр энергияси сарфлаяпмиз.Сувни тежашни қачон ўрганамиз? Томчилатиб суғоришни қачон кенгайтирамиз? Мен Хўжаевни қаттиқ огоҳлантирдим. Агар эплай олмаса ишдан оламан. Яқинда икки вазирни ишдан олдим, буни ҳам оламан», — дейди президент.
Давлат раҳбари сентябрь охирларида бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари этиб тайинланган Шуҳрат Ғаниевни ҳам огоҳлантирди.
«Қишлоқ хўжалигимиз ҳам қониқтирмайди. Ҳалигача собиқ иттифоқ услубида ишлаяпмиз. Мен 1993 йилда Европага борганимда кўрганман, тупроққа тушадиган ҳар бир томчи сув, ҳар грамм ўғитнинг аниқ ҳисоб-китоби бор. Биз қачон ҳосилдорликни, даромадни кўпайтирамиз?! Ғаниевни ҳам огоҳлантирдим, тизимни тўғри йўлга қўймаса, ишдан кетади», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Шарҳлар