Президент “Исломобод” маҳалласида ёшлар таълими масалаларини муҳокама қилди
Исломобод маҳалласида 3 минг 165 аҳоли истиқомат қилади. Лекин маҳалла ҳудудида мактаб йўқ. Ёшлар бошқа маҳаллалардаги мактабларга қатнашга мажбур.
Ўзбекистон Президенти билан учрашув чоғида маҳалла фаоллари, ота-оналар ҳудуддаги Юнусобод компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежини 11 йиллик мактабга айлантириш таклифини билдирди. Давлат раҳбари ушбу таклифни кўриб чиқиш учун мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.
Маҳалла ҳудудидаги Юнусобод компьютер технологиялари касб-ҳунар коллежида 11 йиллик мактаб таълимини ташкил этиш лойиҳаси тақдимоти ўтказилди. Унда маҳалла фаоллари, ота-оналар иштирок этди.
Мактабда ўқишни давом эттириш ёки касб-ҳунар коллежига ўтиш ўқувчининг ихтиёрида. Ўзи танласин, муҳими, уларни тарбияли, ота-онасини ҳурмат қиладиган, ватанпарвар қилиб вояга етказишимиз керак, деди Шавкат Мирзиёев.
Президентга 11 йиллик мактаб таълими, Мудофаа вазирлиги ҳузурида «Темурбеклар мактаби»ни ташкил этиш бўйича ишлаб чиқилган таклифлар ҳақида ҳам маълумот берилди.
Шавкат Мирзиёев шу ерда Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг бир гуруҳ фаоллари билан учрашди. Унда истеъдодли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уй-жой билан таъминлаш, пойтахтимизда ёш композиторлар уйини ташкил этиш ва бошқа масалалар ҳақида сўз борди.
Шарҳлар