Президент коронавирусга қарши вакцина харид қилиш имкониятини ўрганишни топширди
Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаевга бир ҳафта муддатда етакчи олимлар ва тажрибали шифокорлар билан маслаҳатлашган ҳолда, вакцинани харид қилиш ва мамлакатимиз аҳолиси вакцинациясини амалга ошириш йўлларини пухта ўрганиб чиқиш топшириғи берилди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабар беради.
Хабарда айтилишича, охирги 20 кунда коронавирусни даволаш ўринлари 3,5 баробарга кўпайтирилган ва қарийб 65 мингтага етказилган. Жойларга қўшимча равишда қарийб 800 та тез тиббий ёрдам машиналари етказиб берилган. Қўшимча 4 мингта нафас бериш ускуналари (ЎСВ, портатив сунъий нафас бериш аппарати, кислород концентратори) олиб келиниб, уларнинг сони 6,5 мингтага етказилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги, ҳокимлар ва секторлар раҳбарлари коронавирус ва пневмонияни даволаш бўйича ҳар томонлама тайёр бўлиши, ҳар бир беморга керакли тиббий ёрдам кўрсатилиши, уларнинг ҳолатидан келиб чиқиб шифохонага ётқизилиши ва даволаниши учун шахсан жавобгар бўлиши қайд этилди.
«Республика бўйича 9 минг 150 та маҳаллада қарийб 40 минг одам бюджетдан ойлик олиб ишлайди», – дейди давлат раҳбари. – «Уларнинг ойликларини ҳам жорий йилда қарийб 1,5 баробарга ошириб бердик. Шундай оғир шароитда нима учун улар четда туришлари керак? Ўз аҳолисининг аҳволидан яхши хабардор бўлган, қайси хонадонда қандай бемор борлигини, кимнинг яшаш шароити қандайлигини, ким ёрдамга, ким врачга муҳтожлигини улардан яхши биладиган бошқа одамнинг ўзи йўқ пастки тизимда», – қайд этади президент.
Шарҳлар