Президент кўп квартирали уйлар бошқарувчи ташкилотлари ва ширкатларининг электрон реестрини жорий этишни топширди

Президент Шавкат Мирзиёев 26 апрель куни кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини такомиллаштиришга оид тақдимот билан танишди, дея хабар беради президент матбуот хизмати.

Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг ҳудудий бошқармалари ҳузурида Кўп квартирали турар жой фондини таъмирлаш жамғармасини ташкил этиш, уни 35 фоиз республика бюджети, 35 фоиз маҳаллий бюджет ва қолган 30 фоизини мулкдорлар тўловидан жамғариладиган маблағлар ҳисобидан шакллантириш режалаштирилган.
 
Ҳисоб-китобларнинг шаффофлигини таъминлаш мақсадида бошқарув ташкилотлари ва ширкатларнинг электрон реестрини юритиш, ҳар бир кўп қаватли уйга алоҳида шахсий ҳисобрақам очиш, уйнинг хизмат кўрсатиш ҳудудини аниқ белгилаш, мулкдорларга ҳисобот бериш тартибини такомиллаштириш, ҳисоб-китобларга биллинг тизимини жорий қилиш мўлжалланган.
  
Матбуот хизматининг қайд этишича, бугунги кунда мамлакатда 37 минг 402 та кўп қаватли уй, уларда 1 миллион 300 мингдан ортиқ хонадон бор. Бу уйларнинг 68 фоизига ширкатлар, 24 фоизига бошқарув компаниялари хизмат кўрсатади, 8 фоиз уйлар эса мулкдорлар томонидан умуман бошқарилмайди. 

«Уй-жой мулкдорлари ширкатлари 4 минг 430 та бўлиб, шундан атиги 1 минг 350 таси ёки 30 фоизи яхши ишлайди, холос. Қолгани ўрта ва оғир шароитда. Ўрганишларда аниқланишича, тўловлар бўйича тарифларнинг норентабеллиги, ҳисоб-китобларнинг шаффоф эмаслиги, муҳандислик-коммуникация тармоқларининг эскиргани муаммоларга сабаб бўлмоқда. Кўп ширкатлар ўз вазифасини бажармайди, бунинг учун уларда кадрлар етишмайди. Оқибатда хонадон эгаларининг ширкат ва бошқарув компанияларига ишончи йўқолган. Бадалларнинг тўлиқ йиғилмаслиги туфайли дебиторлик қарздорлиги ошиб кетган».

Президент  янги кўп қаватли уйлар фойдаланишга топширилганидан кейин икки йил мобайнида қурувчи ташкилот бошқарувида бўлишини, турар жойларни сақлаш ва ундан техник фойдаланиш қоидалари ишлаб чиқилишини таъкидлади.

Фотосурат: Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.