Президент: Маҳалла ходимларини давлат органларидаги раҳбар лавозимларга илгари суриш тизими яратилади
Маҳаллада ишлаётган малакали ва ташаббускор кадрларни давлат идоралари раҳбарлик лавозимларига тавсия этиш тизими йўлга қўйилади. Бу ҳақда давлат раҳбари ўзининг парламентга мурожаатида сўз юритади.
Қонунчилик палатаси ва Сенат, Вазирлар Маҳкамаси билан бирга 2021 йил 1 апрелга қадар маҳаллий ижро ва вакиллик органлари ҳамда маҳалла институти фаолиятини тубдан такомиллаштиришга оид янги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқсин. Ушбу ҳужжатларда ҳокимлар, уларнинг ўринбосарлари ва маслаҳатчиларининг ваколат чегараси, вазифа ва функциялари аниқ белгиланиши лозим.
«Ислоҳотларимиз натижалари, бўлаётган ўзгаришлар ва аҳолининг кайфияти аввало маҳаллада сезилади. Шу маънода, “маҳалла – жамиятимизнинг ёруғ юзи ва виждони кўзгуси”, десак, тўғри бўлади. Шунинг учун барча даражадаги раҳбарлар пастга тушиб, ўз соҳаси бўйича маҳаллалардаги муаммоларни ўрганиши ва уларга ечим топиши, одамлар сезадиган натижани таъминлаши шарт. Бундан буён маҳалладаги ишларнинг аҳволи вазирлик, идоралар ва ҳокимликлар ишини баҳолашда бош мезон бўлади», – дея қайд этади Шавкат Мирзиёев.
Президент маҳалланинг нуфузини, унинг ресурс ва имкониятларини ошириш, ходимларининг моддий таъминотини яхшилаш бўйича дастур ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади.
«Жорий йилда туманлар бюджетига қўшимча манбаларнинг камида 10 фоизини бевосита маҳалладаги муаммоларни ҳал этишга сарфлаш бўйича ишларни бошлаб, бу мақсадларга 70 миллиард сўм ажратилди. Энди бу ваколатни янада кенгайтириб, туман бюджети харажатларининг 5 фоизини ҳам ана шундай мақсадларга йўналтириш бўйича янги тартиб жорий этилади. Бунинг натижасида бу янги эксперимент орқали биргина Ғиждувон туманида 8 миллиард сўм ёки Фарғона шаҳрида 11 миллиард сўм маблағ айнан аҳоли долзарб деб ҳисоблайдиган муаммоларни ҳал этиш учун сарфланади.
Маҳалла раиси ва унинг ўринбосарлари ваколатларини кенгайтириб, уларга аҳоли муаммоларини бевосита ҳал қилиш имконини яратишимиз керак. Бунда маҳалла раисига маҳаллий кенгаш мажлисида кўрилиши мажбурий бўлган масалаларни киритиш ҳуқуқини бериш лозим. Бу орқали муаммоларни тезкор ҳал қилишга эришиш имконияти яратилади» – дейди давлат раҳбари.
Шарҳлар