Президент матбуот хизмати ҳоким қарори билан хусусий секторга ер ажратиш амалиёти бекор қилинишини эълон қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 3 июнь куни ер муносабатларини такомиллаштириш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди. Ҳоким қарори билан нодавлат секторга ер ажратиш ҳамда ерларни тўғридан-тўғри ва текинга бериш амалиёти бекор қилинади. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати хабар беради.

«Қишлоқ хўжалиги ерларини фақат ижара ҳуқуқи асосида ажратиш тартиби киритилади. Бундай ерлар фуқаро ва ташкилотларга (чет элликлардан ташқари) очиқ танлов асосида берилади. Очиқ танловга ариза қабул қилиш, талабгор ҳақидаги маълумотларни тўплаш ва баҳолаш электрон шаклда амалга оширилади».

Вилоят ва туман ҳокимларининг қишлоқ хўжалиги ерлари тоифасини ўзгартириш ваколати Вазирлар Маҳкамасига ва Президентга ўтказилади.

Йиғилишда ер ажратилиши ва ундан фойдаланилиши устидан назорат механизмларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Жумладан, туман ҳокимларининг ер ажратиш ва қайтариб олиш ҳақида қарор қабул қилиш ваколати тўлиқ бекор қилинади. Вилоят ҳокимининг ер муносабатларига доир барча қарорлари адлия бошқармасида ҳуқуқий экспертизадан ўтказилади.

Бош саҳифадаги фотосурат: Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.