Президент қарори: Сўх тумани аҳолисига квартиралар ажратилади, улар Тошкентдаги қурилишларга жалб этилади, шифокорларига устамалар тўланади
Ўзбекистон Президенти Сўх тумани аҳолисини 2020 йилда жисмоний шахслар ер солиғи ва мол-мулк солиғини тўлашдан озод этишни топширди. Жорий йил 1 августдан бошлаб 2021 йил 31 июлга қадар якка тартибдаги тадбиркорлар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи амалдаги қатъий белгиланган солиқ ставкасининг 50 фоизи миқдорида белгиланди.
Фарғона вилоятининг Сўх тумани ҳокимига Фарғона вилояти ҳокимлиги билан келишган ҳолда 2022 йил 1 январга қадар туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига киритилган лойиҳалар учун, истисно тариқасида, суғориладиган ер майдонларидан ташқари ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш ҳуқуқи берилди. Чора-тадбирдар дастури бир ҳафта муддат ичида ишлаб чиқилиши керак.
Сўх туманида жойлашган тиббиёт муассасаларида фаолият олиб бораётган шифокорларнинг лавозим маошларига соҳадаги иш стажининг биринчи уч йили учун тариф ставкасига нисбатан 40 фоиз ва ҳар бир кейинги икки йил учун тариф ставкасига нисбатан 15 фоиз миқдорда, устаманинг энг кўп миқдори 100 фоиз ўрнатилиши белгиланди.
Сўх туманида жойлашган тиббиёт муассасаларида фаолият олиб бораётган шифокорларнинг лавозим маошларига ойлик қўшимча устамалар, ижтимоий нафақалар ҳамда Сўх тумани маҳаллий бюджетининг солиқлардан берилган имтиёзлари ҳисобига вужудга келган йўқотишлари жорий йилда Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан қоплаб берилади.
Транспорт вазирлиги Қирғизистон Республикаси ҳаво ҳудудидан фойдаланиш масаласи тўлиқ ҳал этилгандан кейин бир ҳафта муддатда Фарғона шаҳридан Сўх туманига кичик авиация транспорти орқали аҳолига мақбул нархларда қатновларни йўлга қўйиш топширилди. Фарғона вилояти ҳокимлиги бир ой муддатда Сўх туманида самолёт ва вертолётлар учун учиш-қўниш майдончаларини ташкил этиши керак.
Молия вазирлиги Фарғона шаҳридан Сўх туманига кичик авиация транспорти қатнови бўйича кўрилган зарарларни қоплаш учун компенсация тўловларини жорий йилда Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармасидан қопланишини ва келгуси йилларда Давлат бюджети параметрларида назарда тутилишини таъминлаши лозим.
Қарорга кўра, Сўх тумани аҳолиси учун Фарғона вилоятининг Ёзёвон, Қўштепа, Бағдод, Риштон ва Бувайда туманлари ҳудудида деҳқончилик қилиш учун экин ер майдони ва ипотека кредитлари асосида квартиралар ажратилади.
Шунингдек, Фарғона вилоят ҳокимлиги Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан биргаликда Сўх туманининг иш билан бандлиги таъминланмаган аҳолининг бир қисмини Тошкент шаҳрида йирик объектларда амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларига тизимли равишда жалб қилинишини таъминлаши зарур.
Эслатиб ўтамиз, май ойи охирида Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида низо содир бўлиб, унинг натижасида 187 нафар ўзбекистонлик ва 25 нафар қирғизистонлик фуқаро жабрланганди.
Шарҳлар