Президент сиёсий партиялар ва депутатлар корпусининг пассивлигини қайд этди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида 2017 йил 12 июль куни парламент палаталари, сиёсий партиялар, Ўзбекистон Экологик ҳаракати, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари фаолиятининг таҳлили ҳамда истиқболдаги вазифаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев маъруза қилди.
Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, ҳукумат аъзолари, сиёсий партиялар ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди. Видеоконференция алоқаси орқали йиғилишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман ва шаҳарлар кенгашлари аъзолари, маҳаллий ижро органлари раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари қатнашди.
Хусусан, Президент қайси соҳа ёки тармоқда бўлмасин, долзарб муаммолар аҳоли билан очиқ муҳокама қилиниб, уларнинг ечими топилаётганини, барча қарорлар халқнинг фикр-мулоҳазалари ва мурожаатлари асосида қабул қилинаётганини қайд этди.
Давлат ҳокимияти органлари, жумладан, иқтисодиёт, банк-молия соҳаси идоралари, коммунал хизмат, ички ишлар, ташқи ишлар, таълим-тарбия, соғлиқни сақлаш, суд-ҳуқуқ тизимининг парламент ва маҳаллий кенгашларда ҳисобот ва ахборот бериш тартиби йўлга қўйилиб, халқ назорати амалда жорий этилмоқда.
Президент бундай ўта муҳим жараёнларда, ҳеч шубҳасиз, сиёсий партияларнинг вакиллари, ҳурматли депутат ва сенаторларнинг ўрни ва масъулияти нақадар беқиёс эканини таъкидлади.
«Мен ҳам кўп йиллар депутат бўлганман, шу сабабли ўз тажрибамдан яхши биламан – депутат бўлиш, халқ ишончини қозониш ва уни муносиб равишда оқлаш – бу осон эмас. Бундай шараф ҳар кимга ҳам насиб этмайди. Депутат – фикри зикри билан халққа энг яқин одам, доимо эл-юртнинг ташвиш ва муаммолари билан яшайдиган, катта билим ва тажрибага эга бўлган шахс. Биз, ана шу ҳақиқатдан келиб чиққан ҳолда, кейинги пайтда кадрлар сиёсатида янги бир тажрибани қўллаяпмиз. Яъни, ҳурматли депутат ва сенаторлар, партия вакиллари юксак ва масъулиятли лавозимларга тайинланмоқда. Уларга муҳим соҳалар ишониб топширилмоқда», – деди давлат раҳбари.
“Шу нуқтаи назардан қараганда, аввало сиёсий партиялар фаолиятидаги айрим муаммо ва камчиликлар ҳақида сўз юритиш ўринли, деб ўйлайман.
Биринчидан, бугунги кунда сиёсий партиялар ўз электоратига берган ваъдаларини, сайловолди дастурларини тўла ва самарали бажармоқда, деб айтолмаймиз. Улар ҳанузгача мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида, фуқаролар онгида ўзининг мустаҳкам ўрнини эгаллай олмади.
Сиёсий партиялар ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолиятида партия фракциялари томонидан устувор мақсад ва вазифаларни амалга оширишга қаратилган аниқ таклиф ва ташаббуслар деярли сезилмаяпти.
Масалан, Халқ демократик партияси ўзини пенсионерлар, кам таъминланган аҳоли қатламлари манфаатларининг ҳимоячиси сифатида намойиш этади. Лекин, холисона айтадиган бўлсак, партия шу мақсад йўлида ҳақиқатан ҳам амалий иш олиб боряптими?
Маълумки, пенсионерларнинг муайян бир қисмини ногиронлар ташкил этади. Лекин ҳозирги вақтда улар ўзини жамиятнинг тўлақонли аъзоси деб ҳис қилиши учун барча зарур шароитлар яратилмаган. Бу ҳақиқатни афсус билан тан олиш керак. Ногиронларни, айтайлик, протезлар, инвалидлар коляскалари билан таъминлаш, уларнинг турар-жой ва маъмурий биноларга кириб-чиқиши, метро ва автобуслардан бемалол фойдаланиши учун пандуслар ва платформалар қуриш каби масалаларда, умуман, ушбу социал тоифанинг талаб ва эҳтиёжлари, қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашда талайгина камчилик ва муаммолар борлиги сир эмас.
Шу борада ХДП қачон бирорта қонун ташаббускори бўлиб майдонга чиқди ва унинг ижроси устидан қандай назорат олиб борди? Ёки “Мурувват”, “Саховат” ва “Меҳрибонлик” уйлари фаолиятини яхшилаш бўйича партия томонидан амалий ҳаракатлар бўляптими?
Яна бир муҳим масала – пенсионерларни дори-дармон билан таъминлашдаги муаммоларни ҳал этиш учун ушбу партия нима иш қилди?
Агар Халқ демократик партияси мана шу муҳим ижтимоий масалалар билан яқиндан шуғулланганида эди, ўйлайманки, Президентнинг Халқ қабулхоналарига аҳолининг кам таъминланган қатламларидан, аввало, пенсионерлардан кўплаб шикоят ва аризалар тушмаган бўларди.
“Миллий тикланиш” партиясини оладиган бўлсак, у миллий меросимиз ва қадриятларимизни тиклаш, уларни янада бойитиш билан бирга, туризм соҳасини ривожлантиришни ҳам ўз олдига вазифа қилиб қўйган. Аммо партия амалда бу соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш, мавжуд қонунларнинг ижросини назорат қилиш юзасидан етарлича фаоллик кўрсата олмаяпти.
Ушбу партиядан сайланган депутатларимиз, мисол учун, аэропорт ёки вокзалларга, меҳмонхоналарга, божхона постларига бориб, туристлар учун қандай шароитлар яратилганини ўрганиб, мавжуд ҳолатни яхшилаш юзасидан амалий таклиф ва ташаббуслар билан чиқяптими?
Биз кейинги вақтда туризм соҳасини ривожлантириш учун бир қатор муҳим қарорлар қабул қилдик. Жумладан, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташкил этилди, ушбу соҳа тараққиётини жадаллаштириш учун қўшимча имконият ва имтиёзлар яратиб берилди. Лекин улар негадир ҳозирга қадар “Миллий тикланиш” партияси учун муҳокама объектига айланмади”.
Бу партия неча йиллардан буён тарихий ва маданий мерос масалалари билан шуғулланади. Лекин ҳақиқий тарихимизни тиклаш бўйича мактаблар ва олий ўқув юртларида олиб борилаётган ишлар, ўқув дастурларининг савиясини партия фаоллари ҳеч ўрганганми?
Сизларга маълум, биз яқинда Ўзбекистоннинг янги тарихини яратиш бўйича қарор қабул қилдик. Бу қарорни тайёрлаш жараёнида ушбу партиянинг роли, таклифи мутлақо сезилмагани, унинг вакиллари иштирок этмагани, албатта, одамни ҳайрон қолдиради.
Ваҳоланки, юқорида тилга олинган масалалар бўйича ташаббус айнан “Миллий тикланиш” партиясидан чиқиши керак эмасмиди? Нима учун бундай таклифлар фақат Президент томонидан билдирилиши керак?
Маълумки, “Адолат” социал-демократик партияси ижтимоий адолат, илм-фан, таълим-тарбия ва соғлиқни сақлаш соҳасида аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш шиори остида фаолият олиб боради.
Лекин партия ушбу соҳаларда, хусусан, жамиятимизда қонун ва адолат устуворлигини ёки аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш ва уни дори-дармон воситалари билан таъминлашни яхшилаш бўйича аниқ ташаббусларни нима учун ўз вақтида илгари сурмагани ачинарли ҳолдир.
Ҳозирги вақтда юртимизда илм-фан, таълим-тарбия соҳалари, жумладан, Фанлар академияси фаолиятини такомиллаштириш бўйича ўзгаришлар амалга оширилмоқда.
Лекин “Адолат” партияси вакиллари, уларнинг депутатлари, мисол учун, ёш олимлар билан бирон марта учрашиб, уларнинг дардини эшитиб, муаммоларини ечиш бўйича қандай амалий таклифлар берди? Минг афсуски, йўқ бундай таклиф.
Яқинда матбуотда Ўзбекистон судьялар ҳамжамиятининг мурожаати эълон қилинди.
Хўш, “Адолат” партиясининг бу масалага муносабати қандай – сайловчиларингиз, тарафдорларингиз сизлардан бу саволларга жавоб кутишга ҳақли.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг фаолиятини ҳам мамлакатимиздаги етакчи сиёсий куч сифатида фаол ва самарали деб бўлмайди.
Президент сайловлари бўлиб ўтганига ҳам, мана, ҳадемай бир йил тўлади. Лекин партиямиз ҳозирги пайтда янги ғоялар, янги ташаббус ва таклифларни ўртага қўяётгани йўқ.
Мамлакатимизда тадбиркорлик ва хусусий мулкчиликни янада қўллаб-қувватлаш, бу соҳага янги-янги имтиёз ва преференциялар яратиб бериш бўйича улкан ишлар амалга оширилмоқда. Қанча эркин иқтисодий зоналар, қишлоқларда кичик саноат ҳудудлари ташкил этиляпти. Қишлоқ хўжалиги соҳасида биз учун янги бўлган тармоқ ва йўналишларга асос солинмоқда.
Бу масалаларда тадбиркор ва ишбилармонлар, фермерлар, хусусий мулк, жумладан, интеллектуал мулк эгаларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қиламан, деб майдонга чиққан Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг ўрни ва иштироки, амалий таъсири аниқ сезилиши зарур.
Ҳар қандай сиёсий партия замон билан ҳамнафас бўлиб, унинг ўткир талабларига жавоб берган тақдирдагина сиёсий куч сифатида яшай олади. Биз нафақат ЎзЛиДеП, балки барча партиялар мисолида ана шундай қудратли, сафарбар этувчи кучни кўришни истаймиз”, – таъкидлади Президент.
“Мен турли йиғилишларда, биз икки йил давомида фавқулодда сафарбарлик ҳолатида ишлашимиз керак, деган фикрни доимо айтиб келяпман.
Лекин, афсуски, бу масала бўйича Олий Мажлис ва унинг раҳбарияти, хусусан, Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Мўйдинхонович Исмоилов, Сенат Раиси Ниғматилла Тўлқинович Йўлдошевнинг позицияси на уларнинг чиқишларида, на амалий ҳаракатларида сезиляпти.
Очиқ айтиш керак, сиёсий партияларда бу соҳада ҳалигача хотиржамлик, қандайдир мудраб ўтириш кайфияти ҳукм сурмоқда. Ҳеч кимга фойдаси бўлмаган мажлислар соатлаб давом этмоқда, танқидий таҳлил ўрнига майда масалалар билан ўралашиб, долзарб муаммоларнинг ечими четда қолиб кетмоқда.
Эътибор беринг, ҳар бир партиянинг дастурида вазифалар ва йўналишлар аниқ белгиланган. Ушбу соҳалар бўйича жавоб берадиган вазирлик ва давлат қўмиталари ҳам аниқ. Аммо нима учун партиялар ана шу вазирлик ва қўмиталар фаолияти устидан ўзларининг вакиллик органларидаги фракцияси ва партия гуруҳлари орқали парламент ҳамда депутатлик назоратини самарали амалга оширмаяпти, деган савол туғилади.
Шу ўринда яна бир муҳим масалага эътиборингизни қаратмоқчиман. Ҳозирги вақтда сиёсий партияларнинг бошқарув аппаратларида ишчанлик муҳити деярли кўзга ташланмаяпти.
Давлат бюджетидан ойлик олиб ишлаётган минглаб ходимлар, масалан, ЎзЛиДеПдаги 740 дан ортиқ, “Миллий тикланиш”даги қарийб 600 та, ХДПдаги салкам 450 та, “Адолат”даги 340 га яқин ходимнинг фаолиятини самарали деб бўлмайди.
Айниқса, сиёсий партияларнинг жойларда, туман бўлимларида ишлаётган ходимларининг фаолияти қониқарсиз аҳволда. Улар кўп ҳолларда электорат билан тизимли мулоқот ўтказиш у ёқда турсин, ўзининг асосий вазифаси нимадан иборат эканини ҳам билмайди.
Ўтган йили барча сиёсий партиялар ходимлари аттестациядан ўтказилди.
Маълумотларга кўра, улардан 200 нафари билим ва тажрибаси етарли эмаслиги сабабли аттестациядан ўта олмаган ва ишдан озод этилган. Бундан ташқари, 284 нафар ходим аттестациядан шартли равишда ўтган, 28 нафари эса қуйи лавозимларга ўтказилган.
Мана шу рақамларнинг ўзи партияларда кадрлар билан ишлаш масаласининг ҳақиқий аҳволини кўрсатади.
“Партия етакчиси” деган номга доғ тушириш, ўз хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш, молиявий жиноятларга қўл уриш, маиший бузуқлик, таъмагирлик, ўз шахсий манфаатини, ўз бизнесини устун қўйиш каби ҳолатлар мавжудлиги ҳақида етарли маълумотлар бор.
Қанчалик оғир бўлмасин, шу борада баъзи бир мисолларга мурожаат қилишга тўғри келади. ЎзЛиДеПнинг Андижон вилояти кенгашининг собиқ раиси З.Жумабоев партия ташкилотига раҳбарлик қилишдан ўзини четга олиб, ишни ўз ҳолига ташлаб қўйган. Асосий ишни олиб борган унинг биринчи ўринбосари А.Мамажонов эса вилоят кенгаши девонида номаъқул, айтиш мумкинки, шармандали муҳит вужудга келишига сабаб бўлган.
ХДПнинг Тошкент вилояти кенгашининг собиқ раиси С.Агзамов ташкилот балансида бўлган товар-моддий бойликларни сотиш, турли хил баҳоналар билан қўл остидаги ходимлардан пул йиғиш каби ишлар билан шуғулланиб юрган.
“Адолат” социал-демократик партиясининг Бухоро вилояти кенгаши раиси А.Турсунов ўз фаолиятида хунук салбий ҳолатларга йўл қўйиб, ўз обрўсини йўқотган, кенгаш фаолияти ўз ҳолига ташлаб қўйилган.
Бундай мисолларни, афсуски, аксарият вилоят ва туманлардаги партиялар кенгашлари фаолиятидан ҳам келтириш мумкин.
Бугунги кунда амалда фаолият кўрсатаётган тўртта сиёсий партияга расман жами бўлиб 1 миллион 150 мингга яқин фуқаро аъзо. Савол туғилади: уларнинг қанчаси партиянинг ғояси, мақсад ва вазифаларини чин юракдан ҳис қилади ва шу ғояни амалга ошириш учун курашга тайёр?
Сиёсий партиялар рақам ортидан қувиб, аъзолари сонини кўпайтириш бўйича мусобақа ўйнамоқда. Натижада турли хунук ҳолатларга йўл қўйилмоқда. Масалан, ҳудудий партия кенгаши ходимларининг мукофот пули ва ойлик иш ҳақи ҳисобидан аъзолик бадалларини тўлаш орқали аъзолар сонини сунъий равишда кўпайтириш фактлари, афсуски, оз эмас. Биз бундай ҳолатларнинг сабабларини ўрганиб, уларни бартараф этиш бўйича деярли иш олиб бормаяпмиз.
Бугун замоннинг ўзи сиёсий партияларнинг иш услубини тубдан ўзгартириш, уларнинг аҳоли, электорат билан мулоқотини тизимли йўлга қўйишни талаб этмоқда. Энди “мудраб ётган” сиёсий партиялар уйғониши лозим. Улар баландпарвоз гапларни четга суриб, аниқ амалий ишлар билан одамларимиз, сайловчилар ишончини қозониши, уларнинг қалбидан жой олиши керак.
Сиёсий партиялар ўз дастурий мақсад ва вазифаларини, мафкуравий соҳадаги ишларини қайта кўриб чиқиб, уларга зарур ўзгартиш ва қўшимчалар киритиши, бунда жаҳон тажрибасини ўрганиш, халқаро ҳамкорликни кучайтириш фойдадан холи бўлмайди.
Мавжуд тўртта партия газеталарининг савияси, “Ўзбекистон овози” газетасини истисно қилганда, талабга жавоб бермайди. Партия газеталарининг умумий сони бугунги кунда 60 мингга ҳам етмаслиги ҳаётдаги долзарб муаммолар ва уларнинг ечими бўйича аниқ таклифлар бу нашрларда ўз ифодасини топмаётганидан далолат беради.
Хусусий нашрлардан мисол келтирайлик. Масалан, биз одатда “кўнгилочар нашрлар” деб биладиган “Даракчи”, “Тасвир”, “Сўғдиёна” каби газеталар нафақат енгил-елпи гапларни, шу билан бирга, муҳим ҳаётий масалаларни, айтайлик, коммунал хизмат, бозорлардаги нарх-наво, тиббиёт, транспорт масаласи, тадбиркорлик билан боғлиқ муаммоларни ҳам атрофлича ёритаётгани учун тиражи ошиб бормоқда. Нима учун партия нашрлари бу масалаларда улар билан рақобат қила олмаяпти?
Биз телевидение орқали фақат 10-15 та депутат ва сенаторни кўрамиз, холос. Уларнинг 85 фоизи “ойнаи жаҳон”да деярли кўринмайди. Депутат ва сенаторлар халқ вакиллари бўлганидан кейин доимо халқ олдида чиқиши, одамлар уларни таниши, олиб бораётган ишларидан хабардор бўлиши керак эмасми?
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (Х.Мирзоҳидов)га икки ой муддатда Олий Мажлис раҳбарияти билан биргаликда тегишли чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш вазифаси топширилади.
Шу ўринда яна бир жиддий масалага эътиборингизни қаратмоқчиман. Бизда ҳокимлар маълум бир сиёсий партия аъзоси ҳисобланади. Лекин, улар ҳоким бўлганидан кейин ўзи аъзо бўлган партия билан умуман алоқани узиб қўяди.
Бу борада бир таклифни илгари сурмоқчиман: туман ёки шаҳар ҳокими номзодини вилоят ҳокими томонидан тегишли маҳаллий кенгашларда ҳар бир партия гуруҳи билан маслаҳатлашув ўтказилганидан сўнг тегишли сессияда тасдиқлаш тартибини жорий этсак, нима дейсизлар?
Биз энди ана шу қонуний механизмни маҳаллий кенгашларнинг барча босқичида самарали ишга соламиз. Агар бирорта номзод партия гуруҳлари муҳокамасидан ўтмаса, у ҳоким лавозимига тайинланмайди.
Яна бир таклиф – бундан буён вилоят ва республика миқёсидаги ижроия ҳокимияти юқори лавозимларига тайинлашда партиялар фикрини албатта инобатга олиш тартибини жорий этсак, нима дейсизлар?
Шу муносабат билан Давлат маслаҳатчиси О.Муродовга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси билан биргаликда бир ой муддатда “Сиёсий партиялар тўғрисида”ги қонунга ва бошқа қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳасини тайёрлаш топширилади.
Франция, Буюк Британия, Германия каби ривожланган давлатлар тажрибаси асосида Қонунчилик палатасида “Ҳукумат соати” институтини жорий этиш айни муддао бўлар эди. Шу тариқа йил бошида тасдиқланадиган режага мувофиқ ҳар ойда ҳукумат аъзоларининг ҳисоботи эшитилади ва шу бўйича тегишли қарорлар қабул қилинади. Олий Мажлис Сенатида эса барча даражадаги ҳокимларнинг ҳудудларни ривожлантириш борасидаги фаолияти ҳақида ҳисоботларни эшитиш амалиётини йўлга қўйишни таклиф этаман”, – деди Президент
Манба: Ўзбекистон Президенти сайти
Шарҳлар