Президент Тошкентнинг марказий кўчаларида паркоматлар ўрнатишни, жамоат транспортига эса алоҳида полосалар ажратишни топширди
Президент Шавкат Мирзиёев 23 ноябрь куни Тошкент шаҳрида йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантиришга оид концепция тақдимоти билан танишди. Тирбандлик кузатилаётган кўп қаторли йўлларнинг бир қисмини жамоат транспорти учун ажратиш, марказий кўчаларда паркоматлар ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар беради.
Метрополитенни бошқариш ҳамда “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик жамиятининг буюртмачи ва назорат функциялари шаҳар транспорт бошқармасига ўтказилади. Молиялаштириш ҳам бошқарма томонидан амалга оширилиб, транспорт корхоналарига ҳақиқий бажарилган иш ҳажми, босиб ўтилган масофага қараб маблағ ажратилади.
Мутасаддиларга Тошкент шаҳар жамоат транспортини ягона тизим асосида тартибга солиш, молиялаштириш ва табақалашган тарифларни белгилаш бўйича вазифалар қўйилди.
Президент Тошкент шаҳрида йўл инфратузилмаси ва жамоат транспорти тизимини такомиллаштириш бўйича бош режанинг дастлабки лойиҳаси билан танишди.Ҳисоб-китоблар пойтахтдаги 24 та йирик чорраҳанинг ҳаракатланиш тартибини оптималлаштириш, бу орқали ўртача тўхташлар сонини 71 фоиз ва вақтини 48 фоиз, тирбандликни 64 фоиз, ёқилғи сарфини 34 фоизга камайтириш мумкинлигини кўрсатмоқда.
Тошкентдаги тажриба асосида бошқа шаҳарларда ҳам йўл-транспорт тизимини қайта кўриб чиқиб, марказий кўчаларни намунавий тарзда ўзгартириш, хусусан, Самарқандда жамоат транспортини оптималлаштириш, аҳоли ва туристлар учун қулай шароит яратиш вазифаси қўйилди.
Шарҳлар