Президент транспорт сиёсатини ўзгартиришни талаб қилди

Президент транспорт сиёсатини ўзгартиришни талаб қилди

Президент Шавкат Мирзиёев 28 январь куни Ўзбекистонда транспорт тизимини самарали ташкиллаштириш бўйича устувор вазифаларни муҳокама қилишга бағишланган йиғилишни ўтказди.

Халқаро экспертларнинг хулосасига кўра, Ўзбекистон транзит салоҳиятини ҳозирги 7 миллион тоннадан 16 миллион тоннага, 2030 йилда эса минтақавий лойиҳаларни амалга ошириш эвазига 23 миллион тоннага етказиш имконияти мавжуд.

Жаҳон банкининг логистика рейтингида юртимиз 163 та давлат орасида 99-ўринда бўлиб, халқаро ташувларни амалга оширишнинг соддалиги бўйича 120-ўринда қайд этилган.

Оптимал тариф сиёсати мавжуд бўлмагани сабабли транзит юк оқимини жалб этиш ва маҳаллий товарларни ташқи бозорларда рақобатбардошлигини ошириш имконияти чекланмоқда.

Йиғилишда транзит сиёсатини бутунлай қайта кўриб чиқиш Транспорт вазирлигининг энг муҳим вазифаларидан бири экани таъкидланди.
Темир йўл тизимини тубдан ислоҳ қилиш, соҳага хусусий капитални кенг жалб этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Фуқаро авиацияси соҳасидаги ҳолат ҳам танқид қилинди. Миллий авиакомпания негизида ташкил этилган Uzbekistan Airways ва Uzbekistan Airports акциядорлик жамиятлари мустақил ташкилотлар сифатида фаолиятини тўлиқ йўлга қўймагани сабабли ислоҳотлар натижаси кўринмаяпти.

Автомобиль ва жамоат транспорти соҳасида ҳам муайян камчиликлар бор.

Аҳолига қулай ва сифатли автотранспорт хизмати кўрсатишни таъминлаш мақсадида йўналишлар учун очиқ тендерлар ўтказиш, жамоат транспортига оид тариф ва тартибларни қайта кўриб чиқиб, рақамлаштириш лозимлиги қайд этилди.

Президент Шавкат Мирзиёев мамлакатимизда автомобиль йўлларининг ҳолатини яхшилаш масаласига ҳам тўхталиб, халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда, тез фурсатларда Автомобиль йўлларини ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш бўйича кўрсатмалар берди.

Транспорт вазирлиги ҳузуридаги назорат органларининг иш услуби эскича экани кўрсатилиб, уларнинг фаолиятини замонавий талаблар асосида такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.