Президент Тўйтепа шаҳрида Тошкент вилояти фаоллари билан йиғилиш ўтказди
Президент Тошкент вилоятида амалга ошириладиган бунёдкорлик ишлари лойиҳаси билан танишди.
Тошкент вилояти ҳудудидан ўтувчи Тошкент-Сирдарё автомобиль йўли бўйида янги турар жойлар, ижтимоий соҳа объектлари қурилиши мўлжалланган.
Зангиота, Чиноз ва Янгийўл туманлари ҳудудидан ўтувчи йўл бўйида 1, 2, 3, 4 хонали уй-жойлар қурилиши ва жойлашуви лойиҳаси тақдимоти ўтказилди.
Шу кунгача Тошкент вилоятининг маъмурий маркази йўқ эди. Бугун бу ишга киришмасак эртага кеч бўлади, деди давлат раҳбари. Тўйтепа шаҳрини вилоятнинг маркази сифатида қайта қуриш тадбирлари амалга оширилаётгани, бу борада хориждан архитекторлар таклиф қилинганини таъкидлади.
Президент лойиҳа билан танишар экан, Тошкент-Тўйтепа йўли атрофида замонавий уй-жойлар қуриш, ижтимоий соҳа объектларини замон талаблари даражасида барпо этиш бўйича кўрсатмалар берди.
Бугун Тўйтепа катта қурилиш майдонига айланган. Тошкент вилоятининг маъмурий марказига айланган шаҳарда кенг кўламли қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Тўйтепа шаҳрининг бош режаси тақдимоти ҳам ўтказилди. Режа бўйича уй-жойлар, маъмурий бино ва иншоотлар қурилишида биноларнинг ташқи кўриниши ва дизайнига алоҳида эътибор қаратилган.
Тўйтепа шаҳрида жойлашган Тошкент вилояти ҳокимлиги биносида Шавкат Мирзиёев раислигида вилоят фаоллари йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Манба: Ўзбекистон Президентининг сайти
Шарҳлар