Президентга умумий қиймати қарийб 3 млрд долларлик инвестицион лойиҳалар тақдим этилди
Президент Шавкат Мирзиёев 8 февраль куни Андижон ва Тошкент вилоятларида амалга оширилиши режалаштирилаётган инвестицион лойиҳалар билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар беради.
Хусусан, Андижон вилоятида бу йил умумий қиймати 1 миллиард 433 миллион доллар бўлган 616 та лойиҳа фойдаланишга топширилади. Соҳалар кесимида айтганда, уларнинг 258 таси саноат, 185 таси хизмат кўрсатиш, 173 таси қишлоқ хўжалиги тармоқларида.
“Буларнинг натижасида қарийб 10 триллион сўмлик ишлаб чиқариш қуввати ташкил этилиб, 95 миллион долларлик импорт ўрнини босиш ҳамда 265 миллион долларлик экспорт имконияти яратилади. 61 мингта янги иш ўрни очилади”, – дейилади хабарда.
Давлат раҳбари лойиҳаларни иш ўринларига талаб юқори бўлган маҳаллаларда жойлаштириш, давлат-хусусий шериклик асосидаги корхоналарни кўпайтириб, бандликни ошириш муҳимлигини таъкидлади.
Андижон вилоятида умумий қиймати 782 миллион доллар бўлган 53 та янги инвестиция лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Тошкент вилоятида бу йил 355 та лойиҳа ишга туширилади. Умумий қиймати 1 миллиард 624 миллион доллар бўлган мазкур проектларнинг 198 таси саноат, 81 таси хизмат кўрсатиш, 76 таси қишлоқ хўжалиги соҳасидадир. Буларнинг самарасида қарийб 35 миллиард сўмлик ишлаб чиқариш қуввати яратилиб, 13 минг кишининг бандлиги таъминланади. 48 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи ва 42 миллион долларлик экспортбоп маҳсуот ишлаб чиқарилади.
Бундан ташқари, вилоятда 187 та янги инвестиция лойиҳаси режалаштирилмоқда. Ички бозор учун муҳим лойиҳалар орасида – “Ангрен” эркин иқтисодий зонасида велосипедлар, Қибрай туманида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳалари бор.
Шарҳлар